MUHAMMAD SURASI

    74

    МУҲАММАД СУРАСИ (араб. – Муҳаммад, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) исмлари). Мадинада Ҳадид сурасидан кейин нозил бўлган. У 38 оят, 539 калима ва 2349 ҳарфдан иборат. Тартиб рақами бўйича Қуръонда 47-­сура.
    Масоний суралардан. Маданий суралардан бўлгани сабабли асосан, шариат ҳукмларига, ибодатга, одоб­ахлоққа, муомала ва шу каби масалаларга тўхлалиб ўтилади. Шунингдек, сурада мўминлар учун уруш жабҳаларида риоя этиш лозим бўлган қоидалар, Аллоҳнинг дини йўлида холис хизмат қилиш, мунофиқликнинг ёмон оқибатлари, Аллоҳга ва Расулига итоат қилишнинг фазилатлари ва бошқа кўрсатмалар баён этилган.
    Унда сўз асосан Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш ва у жангда риоя қилиниши лозим бўлган тартиб ва қоидалар ҳақида боради. Шунинг учун уни муфассирлар «Жанг» сураси ҳам
    деб атайдилар. Бу сурада мўминларга агар улар Аллоҳнинг динига ёрдам берсалар, Аллоҳ таоло ҳам уларнинг ёрдамида бўлиши таъкидланади. Имон ва куфр ҳақиқати, мўмин ва кофирларнинг сифатлари баён қилинган. Сура Аллоҳнинг йўлида курашиб, ер юзини ширкдан тозалашга ҳисса қўшганларни мадҳ этади. Аслида Аллоҳ бусиз ҳам ўч олиши мумкинлиги, аммо кишиларни синаш учун шундай қилгани баён этилади. Мўминлар Аллоҳнинг динига ёрдам беришдаги вожиб амаллари, динга хизмат қилсалар, Аллоҳнинг Ўзи уларни собитқадам қилиши ва бахтга эриштириши мумкинлиги айтилган. Макка аҳлини ўзларидан аввал ўтиб ҳалокатга учраганлардан ибрат олишга чақирилади. Туғёнга кетганлар, ҳаддидан ошганлар, динни ёлғонга чиқарувчиларнинг аҳволи эслатилади.
    Мўминлар билан кофирларнинг ният ва мақсадлари торозига солиниб, улар орасидаги фарқ кўрсатилади, жаннат неъматлари ва дўзах азоблари қиёсланади. Шунингдек, рўбарўдаги душманга қарши жанг қилиш билан бирга, мунофиқлардан ҳам огоҳ бўлиб туриш лозимлиги уқтирилади ва уларнинг айрим сифатлари фош этилади.
    Сура ниҳоясида Аллоҳ таоло мусулмонларга Ўзи улар билан бирга эканлигини уқтириб, уларни Ҳақ йўлида собитқадамлик ила ҳаракат қилаверишга даъват этади. Сурада Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг исми шарифлари зикр этилгани учун унга шу ном берилган.

    Ад.: Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Абдулазиз Мансур; Тафсири Ҳилол. Шайх Муҳаммад Содиқ М.Ю.; Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Алоуддин Мансур; Муҳаммад Амин ибн Абдуллоҳ Ҳаририй. Тафсир ҳадоиқ ар­-ровҳ ва­р­райҳон фи ровабий улум ал-­Қуръон.

    Д.Муродов

    « Back to Glossary Index