MUJODALA SURASI

    44

    МУЖОДАЛА СУРАСИ (араб. – баҳслашиш). Мадинада Мунофиқун сурасидан кейин нозил бўлган. У 22 оят, 473 калима ва 1792 ҳарфдан иборат. Муфассал суралардан. Тартиб рақами бўйича Қуръонда 58-­сура. Сурада имон, эътиқод ва эзгу ишларга даъват, куфр, ширк, зулм каби разил сифатлардан пок бўлишга чақирилади. Бу суранинг иккинчи номи «мужодила» бўлиб, тортишувчи аёл маъносини билдиради. Иккила ном ҳам бир киши – Хавла бинт Саълабага ишора қилинган. Хавла бинт Саълаба Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг олдиларига эри жоҳилият одати бўйича талоқ қилганини шикояти билан келган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи
    ва саллам) ҳам унинг эрига ҳаром бўлганини айтадилар. Аммо аёл Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан баҳслашиб, талоқ бўлмаганини айтиб туриб олади. Охири Аллоҳга илтижо қилиб, ишини ўнглайдиган оятлар нозил қилишини сўрайди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га ваҳий тушиб, «Аллоҳ таоло сен билан эринг ҳақида оят туширди» деб, суранинг бошидаги оятларни ўқийдилар. Бунда «Зиҳор» масъаласига оид оятлар нозил бўлган. Сурада зиҳорнинг ҳукми ва зиҳор қилгувчи зиммасига тушадиган каффорат­тўлов ҳақида сўз боради.
    Бу сурада яхудий ва мунофиқларнинг гуноҳ, зўравонлик ва Пайғамбарга итоатсизлик қилиш тўғрисида ўзаро пичирлашиб тил бириктиришлари, уларнинг мўминларга ва хусусан Пайғамбаримизга етказадиган озорлари ҳамда охиратдаги азоб­уқубатлари хусусида хабар берилади. Шунингдек, яҳудийларнинг сўз ўйини қилиб, маккорлик қилишлари зикр этилган. Мунофиқлар сирларни яҳудийларга етказиб туришлари айтилган. Аллоҳ таоло мўминларни уларга ўхшамасликка, ғийбатдан узоқ бўлишга чақиради.
    Шунингдек, бу сурада мўминларга ўзаро муноса­батларида ва Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан муомалаларида риоя этишлари лозим бўлган одоб­ахлоқ борасида йўл­йўриқлар кўрсатилади.
    Сура ниҳоясида Аллоҳ таолога ва охират Кунига имон келтирган кишиларнинг сифатлари хусусида сўзланиб, улар эришажак бахт­саодат хабари берилади. Сура аввалида Ҳавла ўз эрининг қилмиши тўғрисида шикоят қилиб, Пайғамбар (алайҳиссалом) билан муноза­рага киришгани баён этилади. Суранинг «Мужодала­Баҳсла шиш» деб номланганининг боиси шудир.
    Ад.: Қуръони карим маъноларининг таржима ва таф­сири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Абдулазиз Мансур; афсири Ҳилол. Шайх Муҳаммад Содиқ М.Ю.; Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Алоуддин Мансур; Муҳаммад Амин ибн Абдуллоҳ Ҳаририй. Тафсир ҳадоиқ ар-­ровҳ ва­р­райҳон фи ровабий улум ал­-Қуръон.

    Д.Муродов

    « Back to Glossary Index