MULK SURASI

    190

    МУЛК СУРАСИ (араб. – подшоҳлик, ҳукмронлик, ўзбек тилида «мулк» сўзи бу маънода кам ишлатилиб, бойлик, ашё, хусусий ёки давлат мулки каби мазмунларда кўпроқ қўлланилади). Маккада Тур сурасидан кейин нозил бўлган. У 30 оят, 335 калима ва 1313 ҳарфдан иборат. Муфассал суралардан. Тартиб рақами бўйича Қуръонда 67­-сура.
    Макка суралари каби унда Ер, осмон ва бошқа мавжудотларни яратишдаги Аллоҳнинг ҳикмат ва қудрати, имонсиз ўтганларнинг охиратдаги надоматлари, ризқ талаб қилиш, ҳидоят ва залолат каби мавзулар мужассамдир. Бу сура уч асосий мавзуни ўз ичига олган:Аллоҳнинг азамати, тирилтириш ва ўлдиришга қодир эканини, ўлим ва ҳаёт неъматларини нима учун яратгани баён қилинган. Ер ва осмондаги Аллоҳ таолонинг қудрати илоҳийсига далолат қилиб турган турли белгилар тасвирланади;
    Аллоҳнинг ягоналигига далил ва ҳужжатлар келтирган. У зот етти қават осмон ва ундаги бор мавжудотни қандай дақиқ ҳикмат­интизом билан бунёд этгани баён қилинган оятлар; Қиёмат ва ўлгандан сўнг қайта тирилишга ишонмайдиганларнинг оқибати нима бўлишидан хабар берган. У Кунда кофирлар дучор бўладиган азоб ҳамда
    уларнинг чекадиган бефойда афсуслари тўғрисида хабар берадиган оятлар ҳам мавжуд.
    Кофир ва мўмин ҳақида ибратли мисоллар келтирилиб, барча инсонларни Аллоҳ таоло рози бўладиган Тўғри йўлни тутишга даъват этилади. Кофир ва мўминларнинг борадиган жойлари таққосланади. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг пайғамбарликларини ёлғонга чиқармоқчи бўлганларга Аллоҳнинг азоби тушишидан огоҳлантирилади.Ушбу суранинг фазилатлари баёнида кўплаб ҳадислар ривоят қилинган. Жумладан, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: «Дарҳақиқат, Аллоҳнинг Китобида ўзи фақат ўттиз оятдан иборат бўлган бир сура ҳам борки, у (ўша сурани ўқиб, амал қилиб юрган) кишини шафоат қилур ва ҳатто Қиёмат кунида уни дўзахдан чиқариб, жаннатга киритур. У “Таборак” сурасидир» (имом Термизий ривояти). Бошқа ҳадисда: «У ман қилувчи ва нажот берувчи, қабр азобидан нажот беради», дейилган (имом Термизий ривояти). Шунинг учун мазкур сура «Сақловчи», «Нажот берувчи» деб ҳам аталади.
    Сура барча оламлар мулки – подшоҳлиги Ўз қўлида бўлган Аллоҳ таборак ва таоло беҳад буюк­баракотли зот эканини таъкидлаш билан бошланади. Шу боисдан у «Мулк» сураси деб номлангандир. Айрим манбаларда ва халқ орасида у «Таборак» номи билан машҳур.

    Ад.: Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Абдулазиз Мансур; Тафсири Ҳилол. Шайх Муҳаммад Содиқ М.Ю.; Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Алоуддин Мансур; Муҳаммад Амин ибн Абдуллоҳ Ҳаририй. Тафсир ҳадоиқ ар-­ровҳ ва­р­райҳон фи ровабий улум ал­-Қуръон.

    Д.Муродов

    « Back to Glossary Index