MUMTAHANA SURASI

    29

    МУМТАҲАНА СУРАСИ (араб. – имтиҳон қилинувчи аёл). Мадинада Аҳзоб сурасидан кейин нозил бўлган. У 13 оят, 348 калима ва 1510 ҳарфдан иборат. «Муфассал» сураларидандир. Тартиб рақами бўйича Қуръонда 60­-сура.
    Бошқа маданий суралар каби шариат ҳукмлари ёритилган. Суранинг асосий мавзуи Аллоҳ учун яхши кўриш ва Аллоҳ учун ёмон кўришдир. Кимни дўст, кимни душман тутиш кераклиги, аёллар масаласига қандай ёндошиш лозимлиги каби масалалар зикр қилинган. Сурада мушриклардан қочиб Мадинага ҳижрат қилиб келувчи баъзи аёлларни ҳақиқатан мўмина эканини синаб кўриш лозимлиги, мусулмонларга қарши урушмаётган, қувғин қилмаётган ғайридинлар билан яхши ва одилона муомалада бўлиш жоизлиги каби тавсиялар баён этилади. У мўминларга Аллоҳнинг ҳам, ўзларининг ҳам душманлари мушриклар билан дўстлашмасликни буюриш билан бошланиб, сўнгра бу ҳақда Иброҳим (алайҳиссалом), у зотнинг тобеълари тарихида ибрат оладиган гўзал намуна борлиги таъкидланади ва шу билан бирга сура давомида мусулмонларга қарши урушмаётган ҳамда уларнинг зиёнларига ўзгалар билан тил бириктирмаётган ғайридинлар билан яхши алоқа тузиш дуруст эканлиги ҳам маълум қилинади.
    Сура мўминларни Аллоҳ таолонинг ғазабига дучор бўлган мушриклар билан дўст бўлмасликка такроран даъват қилиш билан хотима топади.Бу сурада мўминларга мушрикларнинг қўлларидан қочиб, Мадинага ҳижрат қилиб келган ва ўзларининг мўмина эканликларини билдирган аёлларнинг имонларини имтиҳон қилиб кўриш буюрилади. Суранинг «Мумтаҳана» – «Имтиҳон қилинувчи аёл», деб номланишининг боиси шудир. Суранинг яна бир номи «Имтиҳон»дир.
    Ад.: Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Абдулазиз Мансур; Тафсири Ҳилол. Шайх Муҳаммад Содиқ М.Ю.; Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Алоуддин Мансур; Муҳаммад Амин ибн Абдуллоҳ Ҳаририй. Тафсир ҳадоиқ ар­-ровҳ ва­р­райҳон фи ровабий улум ал­-Қуръон.

    Д.Муродов

    « Back to Glossary Index