MUNOFIQUN SURASI

    18

    МУНОФИҚУН СУРАСИ (араб. – мунофиқ­лар). Мадинада Ҳаж сурасидан кейин нозил бўлган. У 11 оят, 180 калима ва 976 ҳарфдан иборат. Муфассал суралардан. Тартиб рақами бўйича Қуръонда 63­-сура.

    Сурада шариат аҳкомлари, исломнинг амалий тарафлари, асосан мунофиқларнинг қилмишлари, охират ҳақида эслатма ва ўгитлар мавжуд. «Мунофиқун – имон келтириб, дилида куфрни яширган кишилардир» деб номланган бу сура уларнинг тубан ахлоқларини, разил ва ёмон сифатларини, ёлғонлари, тиллари билан диллари бошқа­бошқа эканлигини ва ниҳоят улар устларига Ислом тўнини кийиб олишиб, одамларни исломдан тўсишларини фош этади. Мунофиқларнинг Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва мусулмонларга қарши амалга оширган фитналари, ҳатто динга қарши бўлган кофирлар ҳам қила олмайдиган душманликлари баён этилган. Шунингдек, уларнинг Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шаъниларига айтган уятсиз сўзлари, у кишининг ишлари охирига етмайди, деган иғволари ва бошқа кирдикорлари
    ҳақида сўз борган.Сура ниҳоясида мусулмонлар мунофиқларга ўхшаб қолмасликка, уларни дунё зийнатларига алданиб қолмасликка чақирилади ҳамда бошларига ўлим келиб қолишидан илгари Аллоҳ таоло уларга ато этган нарса­лардан эҳсон қилишга буюрилади.

    Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Баъни Мусталақ ғазотидан қайтиб келаётганларида бир ансор ва бир муҳожир орасида уруш чиқади. Жанжал катталашиб
    кетмасдан олдин муҳожирлар бу фитнанинг олдини олишади. Бундан хабар топган мунофиқ Абдуллоҳ ибн Убай Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва муҳожир лар ҳақида турли гапларни гапиради. Бу гапларни эшитган балоғатга етмаган Зайд ибн Арқам деган йигитча­саҳобий Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га бу гапни етказади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Абдуллоҳ ибн Убайни чақиртирганларида у гапидан тонади. Зайдни ёлғончига чиқаради. Ўша ерда ҳозир бўлганлар кичкина Зайдни гапига ишониш керак эмас дедилар ва ансорлар эса, уни койишади. Шунда ушбу сура нозил бўлиб, Зайднинг сўзини тасдиқлайди ва Абдуллоҳ ибн Убайнинг ёлғонини очиб берган.Мадинада юзага келган нифоқ ва мунофиқлар ҳақида сўз юрилгани учун сура «Мунофиқун – мунофиқлар» деб номланган.
    Ад.: Қуръони карим маъноларининг таржима ва таф­сири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Абдулазиз Мансур; Тафсири Ҳилол. Шайх Муҳаммад Содиқ М.Ю.; Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Алоуддин Мансур; Муҳаммад Амин ибн Абдуллоҳ Ҳаририй. Тафсир ҳадоиқ ар­-ровҳ ва­р­райҳон фи ровабий улум ал­-Қуръон.

    Д.Муродов

    « Back to Glossary Index