MURSALOT SURASI

    35

    МУРСАЛОТ СУРАСИ (араб. – Аллоҳ томонидан юборилган (шамол)). Маккада Ҳумаза сурасидан кейин, тўлиқ ҳолатда нозил бўлган. У 50 оят, 180 калима ва 816 ҳарфдан иборат. Муфассал суралардан. Тартиб рақами бўйича Қуръонда 77­-сура.
    Сурада қиёмат куни ҳақ эканини исботлаш учун Аллоҳ таоло маълум мавжудотлар номи билан қасамёд этади. Ундаги оятларда инсоннинг яратилиб, дунёга келиши, дунёда яшашдан асосий мақсад охират учун ҳозирлик кўриш экани, ҳозирлик кўриш ўрнига фоний дунё маишати йўлида охиратини бой бериб қўйганларнинг аҳволи ачинарли бўлиши ифода этилган. Сура Қиёмат қойим бўлиши ҳақ эканлигини таъкидлайдиган оятлар билан бошланиб, сўнгра у кун келган вақтида рўй берадиган воқеалар баён қилинади.
    Бу сурада динсизлик оқибатида ҳалокатга дучор бўлган қавмлар ҳақида хабар берилиб, кишиларни имонга даъват қилинади ва ҳар бир инсонни Аллоҳ таоло Ўз қудрат қўли билан бир томчи сувдан яратиб, комил инсонга айлантиргани алоҳида таъкидлаб ўтилади. Аллоҳ таолонинг чексиз қудрат ва мўъжиза эгаси экани зикр қилинади. Сура давомида Қиёмат кунини ёлғон дегувчилар ўша Кунда ҳалокатга дучор бўлишлари тез­тез (суранинг ўн оятида) такрорланган. Сура ўзининг илк ояти номи билан «Вал­мурсалот – Юборилган (шамоллар)га қасам», деб аталади.
    Ад.: Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Абдулазиз Мансур; Тафсири Ҳилол. Шайх Муҳаммад Содиқ М.Ю.; Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Алоуддин Мансур; Муҳаммад Амин ибн Абдуллоҳ Ҳаририй. Тафсир ҳадоиқ ар­-ровҳ ва­р­райҳон фи ровабий улум ал­-Қуръон.

    Д.Муродов

    « Back to Glossary Index