MUSO (alayhissalom)

    161

    Мусо (араб. – Қуръонда номи зикр этилган пай­ғамбарларидан бири. Ёқуб (алайҳиссалом) авлодидан бўлиб туғилишлари ва ҳаётлари ҳақида Қуъонда кўплаб оятлар учрайди. Қуръонда Мусо (алайҳиссалом)номи ўттиз тўртта сурада 136 маротаба учрайди. Мусо (алайҳиссалом) ҳақидаги оятлар бевосита Фиръавн билан боғлиқ ҳолда келади, боиси Мусо (алайҳиссалом) Мисрда фиръавнлар ҳукмдорлик қилган вақтда дунёга келганлар. Юсуф (алайҳиссалом)нинг даврида Бани Исроил қавмининг мавқеи баланд эди. Бу вақтда Миср фиръавни Райён ибн Волид бўлиб, у Бани Исроилга катта саховат кўрсатган. Бироқ, Мусо (алайҳиссалом) даврида ҳукмронлик қилган фиръавн Волид ибн Мусъаб кофир, жоҳил ва миллатчи бўлган. Коҳинларнинг башоратига кўра, Бани Исроил қавмидан чиққан ўғил фарзанд унинг подшоҳлигини барбод қилишидан қўрқиб туғилган барча ўғил болаларни ўлдиришга буюради. Мусо (алайҳиссалом) айнан шу даврда туғилган эдилар. Уларнинг оналари Аллоҳдан келган ваҳийга биноан ўз фарзандини сандиққа солиб, Нил дарёсига оқизиб юборади ва шу тариқа Мусо (алайҳиссалом) омон қоладилар: «Биз Мусонинг онасига ваҳий қилдикки: «Уни эмизавер. Бас, агар (уни ўлдириб кетишларидан) қўрқсанг, уни дарёга ташлагин ва қўрқмагин ҳам, қайғурмагин ҳам. Зеро, Биз уни сенга қайтарувчи ва уни пайғамбарлардан қилувчидирмиз» (Қасос, 7).
    Гўдак солинган сандиқ Фиръавн саройи олдида оқиб кетаётганда, унинг хотини Осия кўриб қолади ва чақалоққа меҳри тушиб уни ўғил қилиб олиш ниятини Фиръавнга маълум қилади:«Фиръавннинг хотини (унга): «(Бу бола) мен учун ҳам, сен учун ҳам кўз қувончидир. Уни ўлдирмангиз! Шоядки, унинг бизларга нафи тегса ёки уни фарзанд қилиб олсак», – деди. Ваҳоланки, улар (ҳақиқатни) сезмас эдилар (Қасос, 9).
    Мусо (алайҳиссалом) Фиръавн саройида ҳеч нарсага муҳтож бўлмасдан, фаҳм­фаросатли ва илмли бўлиб вояга етдилар. Шунга қарамасдан, ўзлари Бани Исроил қавмидан эканлигини билар ва мазлум қавмини ҳимоя қилишга интилардилар: «(Кунлардан бирида Мусо) шаҳарга унинг аҳолиси ғафлатда бўлган пайтида кирган эди, унда икки кишини урушаётган ҳолатда топди. Буниси ўз гуруҳидан (Исроил авлоди қавмидан) ва униси душманидан (қибтийлардан) эди. (Бас, Мусонинг) гуруҳидан бўлган киши ундан душманига қарши ёрдам сўради. Шунда Мусо бир мушт уриб, уни ўлдириб қўйди. (Сўнг пушаймон бўлиб) деди: «Бу шайтоннинг ишидандир. Албатта, у аниқ адаштирувчи душмандир» (Қасос, 15).
    Бу воқеадан Фиръавн хабар топгандан сўнг Мусо (алайҳиссалом) ўлдиришга буюради:«Шаҳарнинг ичкарисидан бир киши шошганча келиб: «Эй, Мусо! Зодагонлар
    сени ўлдириш учун тил бириктирмоқдалар. Бас, сен (бу шаҳардан) чиқиб кетгин! Албатта, мен сенга насиҳатгўй кишилардандирман», – деди (Қасос, 20).
    Бас, у қўрқувга тушиб, (атрофни) кузатган ҳолда у ердан чиқиб, деди: «Эй, Раббим! Ўзинг менга (бу) золимлар қавмидан нажот бергин!» (Қасос, 21).Шундан сўнг Мусо (алайҳиссалом) Мисрдан қочиб, Мадян шаҳрига келадилар:«Қачонки, Мадяннинг суви
    (қудуғи)га етиб келгач, у жойда бир тўп одамлар (чорва­ла рини) суғораётганларини кўрди ва улардан берироқда икки аёл (ўз қўйларини) қўриқлаб турганларини кўриб: «Сизларга не бўлди?» – деди. Улар: «Биз, то подачи лар (молларини) қайтармагунча, суғора олмаймиз. Отамиз эса қари чол», – дедилар. Шунда (Мусо) уларга (қўйларини) суғориб берди. Сўнгра (бир четдаги) сояга бориб (ўтириб), деди: «Эй, Раббим! Мен учун нима яхшилик (ризқ) туширсанг, ўшанга муҳтождирман» (Қасос, 23–24).
    Бу икки қиз кўзлари ожиз бўлиб қолган пайғамбар Шуайб (алайҳиссалом)нинг қизлари эди. Иккиси қўйларини қудуққа суғоргани олиб келиб, эркаклар кўп бўлгани учун улардан ҳаё қилиб, яқинлаша олмай турганларида, Мусо (алайҳиссалом) уларга ёрдам бергач, улар бориб оталарига бу ҳақда хабар берадилар. Шундан сўнг Шуайб (алайҳиссалом) уни ҳузурига чақирди: «Сўнгра, улардан (икки қиздан) бири ҳаё билан юриб келиб: «Отам сени бизларга (қўйларимизни) суғориб берганинг ҳақини бериш учун чақирмоқда», – деди. Бас, (Мусо Шуайбнинг ҳузурига) келиб, унга ўз қиссасини сўйлаб бергач, у: «Қўрқмагин! Сен золимлар қавмидан нажот топдинг», – деди. (Қизлардан) бири: «Эй, ота, уни (ишга) ёллагин! Зеро, сен ёллайдиган (бу) яхши киши кучли ва ишончли кишидир», – деди. (Шуайб) айтди: «Менга саккиз йил ишлаб беришинг бадалига мен сенга мана шу икки қизимдан бирини никоҳлаб бермоқчиман. Энди, агар ўн йилни битирсанг (ўн йил ишлаб берсанг) ўзингдан (марҳамат)дир. Мен сени қийнашни истамайман. Иншоаллоҳ, менинг солиҳ кишилардан эканимни билурсан». (Мусо) деди: «Мана шу сен билан менинг ўртамиздаги (битим)дир. Икки муддатдан қай бирини адо қилсам, бас, менга адоват қилинмас. Аллоҳ айтаётган сўзимизга гувоҳдир» (Қасос, 25–28).Шу тариқа Мусо (алайҳиссалом) Мадянда қолиб ўн йил хизмат қиладилар ва Шуайб (алайҳиссалом) ҳам ваъдага мувофиқ кичик қизларини Мусо (алайҳиссалом)га никоҳлаб қўядилар. Шартнома муддати тугагандан сўнг Мусо (алайҳиссалом) хотинлари, икки ўғиллари ва қайнотаси берган қўйларини олиб Мисрга қайтаётганларида Тур тоғи яқинида тўхтаб қолишади. Кечқурун, ҳаво совуқ ва қоронғу бўлгани учун ўт ёқиш ва ётишга имкон қидирадилар.
    Шунда Тур тоғининг устидан ёнган олов кўринади ва Мусо (алайҳиссалом) олов ёнган тарафга исиниш учун чўғ олиб келиш мақсадида борадилар: «Бас, қачонки, Мусо (келишилган) муддатни ўтаб, оиласи билан (Миср томон) йўлга тушгач, Тур (тоғи) тарафидан бир оловни кўриб қолди. У оиласига: «Сизлар (шу ерда) кутиб турингиз!
    Мен бир оловни кўриб қолдим. Шояд, сизларга бирор хабар ёки исиниб олишларингиз учун (у) оловдан чўғ олиб келсам», – деди (Қасос, 29).
    Туво водийси Тур тоғида Мусо (алайҳиссалом) Аллоҳнинг овозини эшитадилар, пайғамбарлик мақомига эришадилар ва уларга пайғамбарлик мўъжизалари берилади. Бу ҳақда Куръони каримнинг Қасос сураси 30–32­оятларида баён қилинади: Бас, унинг олдига етиб келгач, у муборак жойдаги водийнинг ўнг тарафидан – дарахтдан унга нидо қилинди: «Эй, Мусо! Мен (барча) оламларнинг Парвардигори – Аллоҳдирман. Асойингни (ерга) ташла!» Бас, қачонки, (Мусо) уни илондек қимирлаётганини кўргач, ортига қарамай қочди. (Унга дейилди:) «Эй, Мусо, қайт ва қўрқма! Зеро, сен (хавфу­хатардан) омонликдаги кишилардандирсан. Қўлингни қўйнингга тиққин, бирор ёмонликсиз оппоқ бўлиб чиқур ва қанотингни (яъни қўлингни) қўрққанингда (яна) қўйнингга тиқ (шунда у ўз ҳолига қайтур)! Бас, шу иккиси (асо билан қўл) Раббинг томонидан Фиръавн ва унинг зодагонларига икки ҳужжатдир. Дарҳақиқат, улар фосиқлар қавми эди».
    Куръони каримнинг Тоҳо сурасида ҳам Мусо (алайҳиссалом) пайғамбарлик вазифаси берилгани ва қўлларидаги асо ҳам оддий эмаслиги ҳақида айтилган: «(Эй, Мусо!) Мен сенинг Раббингдирман. Бас, оёқ кийимингни ечгин. Чунки сен муқаддас Туво водийсидадирсан.
    Мен сени (пайғамбарликка) танладим. Бас, (сенга) юбориладиган ваҳийга қулоқ тут! Дарҳақиқат, Мен – Аллоҳдирман! Мендан ўзга илоҳ йўқ! Бас, Менгагина ибодат қил ва Мени эслаганингда намозни адо эт!» (Тоҳо, 12–14). Ана у – қўлингдаги нимадир, эй, Мусо?!» (Мусо) деди: «У ҳассамдир. Унга таянурман ва у билан қўйларимга (барг) қоқиб берурман. Яна унда мен учун бошқа ҳожатлар ҳам бор». (Аллоҳ) айтди: «Уни (ерга) ташлагин, эй, Мусо!» Бас, (Мусо) уни ташлаган эди, бирданига у ҳаракатланувчи жонли илон бўлиб қолди» (Тоҳо 12–20). Аллоҳ таоло Мусо (алайҳиссалом)га тўққизта пайғамбарлик мўжизасини бергани ҳақида Исро сураси баён қилади: «(Биз) Мусога тўққизта аниқ мўъжиза ато этдик. Сўнгра у (Фиръавн ҳузурига) келган пайтида, (унга): «Исроил авлодини (ўз юртлари – Шомга қўйиб юборишини, Фиръавндан) сўрагин!», (деб буюрдик). Шунда Фиръавн унга: «Эй, Мусо, ҳақиқатан, мен сени сеҳрланган, деб ўйламоқдаман», – деди (Исро, 101).
    Мазкур мўжизалардан бештаси Аъроф сурасида санаб берилади: Шундан кейин улар устига тўфон, чигиртка, бит, бақалар ва қон (балолари)ни аниқ мўъжизалар сифатида юбордик. (Шундан) сўнг (ҳам улар) кибр қилдилар. (Улар олдиндан) жиноятчилар қавми эди (Аъроф, 133).
    Мусо (алайҳиссалом)гa ато этилган тўққиз мўъжиза тўғрисида ҳар хил ривоятлар мавжуд. Бир ривоятда улар – қўлларининг ёғдуси, асолари, тўфон, чигиртка, бит­бурга,
    қурбақалар, қон, тош суви, Тур тоғи дейилса, бошқасида тошдан сув чиқиши, Тур тоғи ўрнига қаҳатчилик ва мевасизлик дейилади. Оятдаги “тўққиз мўъжиза” ибораси Тавротдаги Мусо (алайҳиссалом) қавмига қаратилган тўққизта буйруқ, деган ривоят ҳам бор. Аллоҳ Мусо (алайҳиссалом)га мўжизалар берганидан сўнг акалари Ҳорун билан Фиръавн ва унинг қавмини ҳидоятга чақиришларини буюрди: «Энди Фиръавннинг ҳузурига бор! Ҳақиқатан, у ҳаддан ошди («Худоман» деб даъво қилди)» (Тоҳо, 24). (Эй, Мусо!) Сен ўзинг ва биродаринг (Ҳорун) Менинг оятларимни (одамларга) олиб борингиз ва Мени зикр қилишда сустлик қилмангиз! (Тоҳо, 42).
    Мусо (алайҳиссалом) билан Ҳорун (алайҳиссалом) Фиръавн ҳузурига бориб, уни тўғри йўлга чақиришди. Бу ҳақида Шуаро сурасида шундай дейилган: «Бас, икковингиз Фиръавнга бориб айтинг: «Ҳақиқатан, биз оламлар Парвардигорининг элчиларимиз. Исроил авлодини бизга қўшиб (ўз юртлари – Фаластинга) жўнатгин!» (Шуаро, 16–17).
    Мусо (алайҳиссалом) Аллоҳ томонидан берилган мўжизаларни намоён қилсалар ҳам Фиръавн ва унинг вазири Ҳомон имон келтирмадилар. Аксинча, уларнинг Мусога нафрати янада ошиб, Бани Исроил қавмига янада кўпроқ зулм қилдилар: «Фиръавн қавмининг зодагонлари айтдилар: «(Эй, Фиръавн!) Мусо ва (унинг) қавмини Ер (юзи)да бузғунчилик қилишига ҳамда сени ва илоҳларингни (тан олмай) тарк этишига қўйиб берасанми?» (Фиръавн) деди: «Уларнинг ўғилларини (қатли ом қилиб) қириб ташлаб, хотинларини тирик қолдирамиз ва биз улар устидан ғолибдирмиз!» (Аъроф, 127). Шунда Аллоҳ Фиръавн қавмини бирин­кетин синовларга дучор қилди:«Фиръавн қавмини зора эслатма олсалар, деб (қаҳатчилик) йилларига ва меваларнинг тақчиллигига дучор этдик» (Аъроф, 130), «Шундан кейин улар устига тўфон, чигиртка, бит, бақалар ва қон (балолари)ни аниқ мўъжизалар сифатида юбордик.
    (Шундан) сўнг (ҳам улар) кибр қилдилар. (Улар олдиндан) жиноятчилар қавми эди» (Аъроф, 133).Шу тариқа мисрликлар устига офатлар ёғилиб келди. Мусо (алайҳиссалом) эса Мисрдан чиқиб кетишлари ҳақида ваҳий келди:«Биз Мусога: «Сен бандаларимни (Исроил авлодини Мисрдан) тунда олиб кет ва (ортингдан) етиб келишдан хавф қилмаган ва (ғарқ бўлишдан ҳам) қўрқмаган ҳолингда денгиздан уларга қуруқ йўл оч!» – деб ваҳий юбордик» (Тоҳо, 77). Мусо (алайҳиссалом) ва унинг қавми Мисрдан чиқиб, Шом тарафга қочиб кетаётганини эшитган Фиръавн Бани Исроилнинг изидан қувишга тушди: «Бас, Фиръавн уларнинг ортидан ўз лашкари билан қувган эди, уларни денгиз ўраганича-ўради (яъни ғарқ бўлдилар)» (Тоҳо, 78). Мусо (алайҳиссалом) қавми билан тунда Мисрдан чиқиб кетади. Бундан хабар топган Фиръавн лашкари билан улар ортидан қувиб боради. Мусо (алайҳиссалом)га ато этилган мўъжиза туфайли асони денгизга уруши билан ундан йўл очилади. Қавм ўтиб олгач, Фиръавн лашкари билан улар ортидан юради. Сувнинг ўртасига боришганда йўл ёпилиб,  Фиръавн ва лашкари сувга ғарқ бўлади.Мусо (алайҳиссалом) ўз қавмлари билан Аллоҳ буюрган Муқаддас ерга бориш учун йўлга тушдилар.Мусо (алайҳиссалом) қавмига бориши буюрилган Муқаддас ер – Байтул­Мақдис ёки Шом ёхуд Ариҳо эканида турли тафсирлар бор. У ерни Амолиқа қавмидан тортиб олиш мақсадида Мусо (алайҳиссалом) қавмларини душманга қарши урушга чақирдилар. Аммо улар Мусо (алайҳиссалом)га итоатсизлик килдилар: «Мусо ўз қавмига айтганини эсланг: «Эй, қавмим! Аллоҳнинг сизларга берган неъмати – ичингиздан пайғамбар чиқаргани, сизларни (баъзиларингизни) подшоҳ қилгани ва оламлардан ҳеч бир (кимса)га бермаганини сизларга ато этганини эслангиз! Эй, қавмим! Аллоҳ сизлар учун битиб (ёзиб) қўйган муқаддас ер (Байтул Мақдис)­га кирингиз ва ортингизга қайтиб кетмангизки, зиён кўрувчиларга айланиб қолурсиз». Айтдилар: «Эй, Мусо! У ерда баҳайбат (золим) қавм бор. Улар у ердан чиқмагунларича, биз у ерга сира кирмаймиз. Агар у ердан чиқсаларгина, биз кирувчилардирмиз». (Ўн икки йўлбошчи ичидан Аллоҳдан) қўрқадиган ва Аллоҳнинг инъомига сазовор бўлганларидан икки киши шундай деди: «Улар устига (шаҳарга) дарвозадан кирингиз.
    Унга кириб олишингиз билан сизлар ғолиб бўласиз. Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳга таваккул қилингиз!» Айтдилар: «Эй, Мусо! Модомики, (улар) у ерда эканлар, биз сира у ерга кирмагаймиз. Сен (ўзинг) ва Раббинг бориб, (улар билан) жанг қилаверингиз. Биз эса, шу ерда ўтирувчилармиз» (Моида, 20–24). Мусо (алайҳиссалом) лашкари ёки қавми Аллоҳ буюрган муқаддас ерга киришдан бош тортдилар. Агар кирганларида у ердаги душман устидан ғалаба қилишларида Аллоҳ нусрат ваъда қилган эди. Шу билан бирга улар агар буйруқни бажарганларида, мустақил мамлакатга ҳам эга бўлишлари аниқ эди.
    (Мусо) айтди: «Эй, Раббим! Мен фақат ўзим ва биродарим (Ҳорун)га эгалик қилурман. Бас, бизни у фосиқлар қавмидан (Ўзинг) ажрим қилгин!» (Аллоҳ) деди: «Албатта, у (Байтул­Мақдис) энди улар учун қирқ йилга (кириши) тақиқлангандир. Ер (юзи) бўйлаб
    сарсонликда юрадилар. Сен (бу каби) фосиқлар қавми учун қайғурма!» (Моида, 25–26). Мусо (алайҳиссалом) узр айтиб, қавмининг тақдирини Аллоҳнинг ўзига ҳавола қилгач, У уларга жазо сифатида қирқ йилгача мазкур муқаддас ерга кира олмай, турли
    томонларда саргардонликда юришларини ирода этди. Мусо (алайҳиссалом) ўз қавмини Фиръавндан халос этдилар ва буйруқ, тақиқларни билиб олишлари учун Бани Исроилга Аллоҳ ҳузуридан Тавротни келтирдилар: «Эй, Мусо! Мен сени одамлар узра рисолаларим (Таврот битиклари) ва гаплашганим билан мумтоз (имтиёзли) этдим. Бас, сенга берганимни (қабул этиб) ол ва шукр қилувчилардан бўлгин!» – деди (Аллоҳ). Унинг учун лавҳларда (Таврот саҳифаларида) насиҳат ва барча нарсанинг тафсилоти сифатида ҳар соҳадан битиб қўйдик. Бас, (Эй, Мусо!) Уларни қувват (жиддийлик) билан олгин ва қавмингга уларнинг яхши (битилган аҳком)ларини тутиш (татбиқ этиш)ларига буюргин! Сизларга фосиқлар диёри (қандай ҳалокатга юз тутгани)ни кўрсатажакман» (Аъроф, 144–145).
    Мусо (алайҳиссалом) Тавротни олиб келиш учун қавмларидан узоқлашиб Тур тоғига кетган пайтларида Бани Исроил қавмидан Сомирий исмли сеҳргар бузоқ шаклида бут ясаб унга сиғинишни буюрди ва қавмни йўлдан оздирди:«Ҳолбуки, (бузоққа сиғинишларидан) олдин Ҳорун уларга: «Эй, қавмим! Сизлар бу билан имтиҳон қилиндингиз. Шубҳа йўқки, сизларнинг Раббингиз Раҳмондир. Бас, менга эргашингиз ва амримга итоат қилингиз!» – деган эди. Улар: «То бизга Мусо қайтмагунича, унга (маъбудага) сиғинишдан сира тинмаймиз», – деган эдилар» (Тоҳо, 90–91).
    Мусо (алайҳиссалом) қайтиб келгач ғазабланиб, Сомирийни жазо кутаётганини айтдилар ва сигирни оловда ёндириб, кулини денгизга сочдилар: (Мусо) деди: «Албатта, бузоқни илоҳ қилиб олганларга Парвардигорлари (тарафи)дан ғазаб ва дунё ҳаётида хорлик етгусидир. (Ёлғон ва бўҳтон) тўқувчиларни шу тарзда жазолагаймиз» (Аъроф, 152). «Бас, кет! Энди сен учун ҳаётда «(Менга) тега кўрманг!» дейишгина қолур. Охиратда эса сен учун сира хилоф қилинмайдиган бир ваъда (азоб) бордир. Сен устидан жилмай сиғинаётган «илоҳинг» (ҳоли)ни кўриб қўй! Биз, албатта, уни ёндириб, сўнгра (кулини) денгизга сочиб юборурмиз» (Тоҳо, 97).
    Мусо (алайҳиссалом) қавмлари билан қириқ йил Тийҳ водийсида адашиб юрдилар, Байтул муқаддасга кириш насиб этмади. Мусо (алайҳиссалом) 120 ёшларида Тийҳ саҳросида Байтул Муқаддас атрофида вафот этдилар, қабрлари ҳам ўша ердадир.

    Ад.: Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Абдулазиз Мансур. Р.Обидов. Пайғамбарлар тарихи исломият тарихидир. ­  Т.: Мовароуннаҳр, 2005.­368б.

    М.Жўраева

    « Back to Glossary Index