MUTAFFIFUN SURASI

    24

    МУТАФФИФУН СУРАСИ (араб.  – уриб қолувчилар). Маккада Анкабут сурасидан ейин нозил бўлган. У 36 оят, 99 калима ва 780 ҳарфдан иборат. Муфассал суралардан. Тартиб рақами бўйича Қуръонда 83­-сура.

    Бу Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Маккадан Мадинага ҳижрат қилиб кетаётганларида йўлда нозил қилинган суралардан биридир. Унда ақида масаласи ёритилган. Сурада яхшилар ва ёмонларнинг қилган амаллари ёзилган битикларнинг қаерда сақланиши, қиёмат воқеалари ва қатор илоҳий кўрсатмалар мужассамдир. У дастлаб охират ҳисоб­китобидан қўрқмаганлари учун бировнинг ҳақидан ҳазар қилмайдиган кимсалар Аллоҳ таолонинг ғазабига дучор бўлишлари тўғрисида хабар бергувчи оятлар билан бошланади.
    Бу сура ҳаётларини фисқу фасод билан ўтказадиган имонсиз кимсалар топадиган оқибат – дўзах азоби ҳақида огоҳлантиргувчи оятлар ҳам, бу дунёдан Ҳақ йўлини маҳкам тутиб ўтадиган аҳли имон учун тайёрлаб қўйилган жаннат неъматлари зикр қилинган оятлар ҳам мавжуд. Суранинг номи бўлмиш «Мутоффифун» калимаси «Бировларнинг ҳақларидан уриб қолгувчилар» деган маънони англатади ва у сурадаги биринчи оятдан олинган. Суранинг иккинчи номи «Татфиф»дир.
    Ад.: Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Абдулазиз Мансур; Тафсири Ҳилол. Шайх Муҳаммад Содиқ М.Ю.; Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Алоуддин Мансур; Муҳаммад Амин ибн Абдуллоҳ Ҳаририй. Тафсир ҳадоиқ ар­-ровҳ ва­р­райҳон фи ровабий улум ал­-Қуръон.

    Д.Муродов

    « Back to Glossary Index