MUZZAMMIL SURASI

    30

    МУЗЗАММИЛ СУРАСИ (араб. – ўралиб олган). Маккада Қалам сурасидан кейин нозил бўлган. У 20 оят, 285 калима ва 838 ҳарфдан иборат. Муфассал суралардан. Тартиб рақами бўйича Қуръонда 73-­сура.
    Унда Расул (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га Аллоҳ тао­ло тунги ибодат қоидаларидан таълим беради. Тунни фақат уйқу билан ҳам эмас ёки фақат ибодат билан ҳам эмас, балки ҳар иккисига ҳам маълум вақт ажратиш тўғрисида кўрсатма берилади.
    Бу сурада дастлаб Пайғамбаримиз кечаларни тоат­ибодат қилиб бедор ўтказишга ва бу билан Каломуллоҳни башариятга етказиш учун руҳий тайёргарлик кўришга буюриладилар. Ваҳийни қабул қилиб олиш оғир ишлиги, уни одамларга етказиш учун ҳаракат қилиш зарурлиги айтилган.
    Сура бошидан охиригача Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га бағишланган. У кишининг исмларидан бири Муззаммилдир. Сўнгра у кишига Макка мушриклари томонидан етадиган турли азиятларга сабр қилиш ва улар­дан юз ўгириш лозим эканлиги уқтирилиб, у мушриклар­дан Аллоҳ таолонинг Ўзи интиқом олиши билдирилади. Мушрикларга эса, қиёматда азобга қолишлари, у вақтдаги қўрқинч ва даҳшатдан болаларнинг сочлари оқариб кетиши таъкидланади.
    Сура ниҳоясида Аллоҳ таолонинг мўминларга ато этган енгиллик – марҳаматлари баён қилиниб, уларга тоат­ибодатда устувор бўлиш буюрилади ва бу дунёда қилиб ўтган ҳар бир яхши амалнинг ажр­мукофотини охиратда Аллоҳ таоло ҳузурида зиёдаси билан топишлари ҳақида хабар берилади.
    Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га илк оятлар тушгандан кейин ваҳий келиши бир муддат тўхтаб қолади. Кунларнинг бирида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тоғдан келаётганларида, Жаброил (алайҳиссалом) ўзларининг асл ҳолатларида, бутун уфқни тўлдирган ҳолда қўринадилар. Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қўрқиб кетадилар ва уйга бориб: «Мени ўраб қўйинглар» дейдилар. Титраб ётганларида ушбу сура нозил бўлган. Шунинг учун сура «Йа айюҳал­муззаммил – эй (кийимларига) ўралиб олган зот!» деб, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га хитоб қилиш билан бошланади. Ушбу сурага ном биринчи оятидан олинган.
    Ад.: Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Абдулазиз Мансур; Тафсири Ҳилол. Шайх Муҳаммад Содиқ М.Ю.; Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Алоуддин Мансур; Муҳаммад Амин ибн Абдуллоҳ Ҳаририй. Тафсир ҳадоиқ ар­-ровҳ ва­р­райҳон фи ровабий улум ал-­Қуръон.

    Д.Муродов

    « Back to Glossary Index