NABA SURASI

    49

    НАБАЪ СУРАСИ (араб. – хабар). Маккада Мао­риж сурасидан кейин нозил бўлган. У 40 оят, 173 калима ва 970 ҳарфдан иборат. Муфассал суралардан. Тартиб рақами бўйича Қуръонда 78­-сура.
    Ушбу сура Қуръони карим сўнгги жузининг илк сураси бўлиб, унда улуғ хабар, яъни қиёмат тўғрисида баҳслашган Макка мушрикларига аниқ жавоблар берилади. Яна унда Аллоҳ ўз қудрати билан яратган борлиқ, коинот ва мавжудотлар, қиёмат кунининг шиддати, жаннатдаги роҳат, имонсиз ўтганларнинг қиёмат куни пушаймон бўлиб ҳатто,
    тупроқ бўлиб кетишни орзу қилишлари каби маълумотлар баён этилган.
    Сура Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га Қуръони карим нозил бўлиб, ундаги хабарларни одамларга етказишни бошлаганларида, мушриклар «унга нима келибди? Қиёмат бўлади дейдими?» каби саволларни бериб юрганларида нозил бўлган.
    Бу сурада Аллоҳ таолонинг қудратига далолат қилиб турадиган бир неча ҳужжатлар келтирилиб, шундай қудрат соҳиби бўлган Зот учун Қиёмат кунида ўликларга қайта жон ато этиб тирилтириш жуда осон иш эканлиги таъкидланади ва у Кунни «Ҳақ билан ботил ажратиладиган Кун», деб аталади.
    Сура ўша кунда кофирлар Аллоҳ таолонинг одил жазосидан қоча олмай қайтадан тупроққа айланишни орзу қилиб қолишлари тўғрисида хабар бериш билан якунланади.
    Мазкур сурада муҳим хабар ҳақида маълумот берилгани учун унга сурадаги «Набаъ – хабар» сўзи ном бўлган. Суранинг иккинчи номи «Амма»дир.

    Ад.: Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Абдулазиз Мансур; Тафсири Ҳилол. Шайх Муҳаммад Содиқ М.Ю.; Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Алоуддин Мансур; Муҳаммад Амин ибн Абдуллоҳ Ҳаририй. Тафсир ҳадоиқ ар­-ровҳ ва­р­райҳон фи ровабий улум ал-­Қуръон.

    Д.Муродов

    « Back to Glossary Index