NAJM SURASI

    37

    НАЖМ СУРАСИ (араб. – юлдуз). Маккада Ихлос сурасидан кейин нозил бўлган. У 62 оят, 360 калима ва 1405 ҳарфдан иборат. Муфассал суралардан. Тартиб рақами бўйича Қуръонда 53­-сура.
    Кўплаб муфассирлар «Зориёт», «Тур» ва «Нажм» суралари услуб ва мавзу жиҳатидан ўхшаш эканини айтганлар.
    Маккий суралар каби бу сурада ҳам асосан ақида масаласи ёритилган, шу билан бирга ваҳий, пайғамбарлик, қиёмат борасида сўз юритилган. Сурада келган энг ажиб маълумотлардан бири бутун пайғамбарлар тарихида ягона бўлган мислсиз мўъжиза – бу меърож кечасининг таърифидир. Яъни, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Маккадан то Масжиди Ақсогача, сўнгра у ердан осмонга чиқиб, Аллоҳ буюрган жойгача самовий сайр қилган кеча ақлу шуурни лол қилгувчи манзарани тасвирлаш билан бошланади. Сўнгра мушриклар ўз қўллари билан ясашиб, кейин ўзларича турли номлар билан атаб сиғинадиган бут ва санамлари ҳеч кимга ҳеч қандай фойда ҳам зиён ҳам етказа олмайдиган имконсиз нарсалар эканлиги уқтирилади. Уларнинг ақидалари фақат гумонга асослангани баён қилинади.Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га хитобан Аллоҳни унутган, фақат дунё ташвишида бўлган, динсизлардан юз ўгиришга кўрсатма берилади. Бу сурада яна ҳар бир инсон охиратда фақат ўзи қилиб ўтган амаллари билан муқаррар жазоланиши, ўзгалар унинг гуноҳларини ўз елкаларига ололмаганлари каби, унга ўзларининг савдоларидан ҳам бера олмасликлари айрича таъкидланади.
    Сура сўнгида эса ўтмишда ўтган кофир қавмларнинг қандай ҳалокатларга дучор бўлганликлари эслатилиб, барча инсонларни ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга даъват этилади. Барча пайғамбарларнинг ақидаси асли бир экани тушунтирилади. Мушрикларга ўтган қавмларнинг куфр келтирганлари сабабли оқибати қандай бўлгани эслатилади. Сура ўзининг биринчи сўзи билан «Ван­Нажм – Юлдузга қасам» деб аталгандир.

    Ад.: Қуръони карим маъноларининг таржима ва таф­сири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Абдулазиз Мансур; Тафсири Ҳилол. Шайх Муҳаммад Содиқ М.Ю.; Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Алоуддин Мансур; Муҳаммад Амин ибн Абдуллоҳ Ҳаририй. Тафсир ҳадоиқ ар­-ровҳ ва­р­райҳон фи ровабий улум ал-­Қуръон.

    Д.Муродов

    « Back to Glossary Index