NAML SURASI

    61

    НАМЛ СУРАСИ (араб. – чумолилар). Маккада Шуаро сурасидан кейин нозил бўлган. У 93 оят, 1149 калима ва 4767 ҳарфдан иборат. Миун (юзликлар) суралардан.
    Тартиб рақами бўйича Қуръонда 27­-сура.
    Сурада чумолилар тўғрисида ибратли қисса, Мусо, Солиҳ, Сулаймон (алайҳиссалом)лар ҳақида оятлар бор. Сулаймон (алайҳиссалом) билан Сабаъ мамлакатининг маликаси Билқис қиссаси ҳам шу сурададир. Суранинг асосий масаласи ақидадир. Шунингдек, Аллоҳга ва охиратга имон клтириш, фақат Аллоҳга ибодат қилиш, мукофот ва жазо масалалари, ваҳий, ғайбни фақат Аллоҳ билиши, Аллоҳ яратувчи, ризқ берувчи ҳамда унга шукр қилиш масалалари зикр этилган.
    Мазкур масалаларни янада кенг ёритиш мақсадида пайғамбарлардан Мусо, Солиҳ, Лут (алайҳиссалом)ларнинг қиссалари ва уларнинг умматлари зикр қилинади. Айниқса, пайғамбарлардан Довуд ва Сулаймон (алайҳиссалом) ҳақида бир қадар батафсил тўхталиб, Сулаймон (алайҳиссалом) Аллоҳ таолонинг пайғамбари бўлиш билан бирга яна жамийки жин ва ҳайвонот оламига подшоҳ қилингани ҳамда улардан аскарлар тўплаганлари тўғрисида ҳикоя қилинади. Ҳудҳуд келтирган хабар натижасида у зот билан Сабаъ мамлакатининг Маликаси Билқис ўртасида бўлиб ўтган воқеалар ҳам тасвирланади. Яна бу сурада Қуръондаги панд­насиҳат, ибратлардан фақат кўзи очиқ кишиларгина фойдаланишлари мумкин­лиги таъкидлаб ўтилади. Шунингдек, қиёмат қойим бўлиши олдидан ер юзига чиқадиган жонивор ҳақидаги хабар ҳамда мўмин ва кофирларнинг қиёмат кунидаги аҳволи хусусидаги ибратли оятлар ҳам шу сурадан жой олгандир. Сурада Аллоҳ таолонинг энг заиф ва заҳматкаш махлуқларидан бири чумоли ҳақида ҳам зикр қилингани сабабли уни «Намл – Чумоли» сураси деб аталгандир. Суранинг яна бир номи «Сулаймон»дир.

    Ад.: Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Абдулазиз Мансур; Тафсири Ҳилол. Шайх Муҳаммад Содиқ М.Ю.; Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Алоуддин Мансур; Муҳаммад Амин ибн Абдуллоҳ Ҳаририй. Тафсир ҳадоиқ ар­-ровҳ ва­р­райҳон фи ровабий улум ал-­Қуръон.

    Д.Муродов

    .

    « Back to Glossary Index