NAXL SURASI

    27

    НАҲЛ СУРАСИ (араб. – асалари). Маккада нозил бўлган. У 128 оят, 2840 калима ва 7707 ҳарфдан иборат. Миун (юзликлар) суралардан. Тартиб рақами бўйича Қуръонда 16­-сура.
    Сурада қиёматга пухта тайёргарлик кўришга даъват этилади. Унда яна ширк, куфр, ношукрлик каби иллатлар қораланиб, имон, эътиқод, шукр, солиҳ амаллар килишга ундалади. У қиёмат соати яқинлашиб қолгани ҳақида хабар бериш билан бошланади. Сўнгра Аллоҳ таоло Ўзининг якка экани, ердаги жонли­жонсиз бутлар Унга шерик бўлолмасликлари хусусида огоҳлантиради ва еру осмонлар, денгизлар, тоғлар, водий ва воҳалар, осмондан тушиб ерни кўкартираётган ёмғир, ердан униб чиқиб, осмонга интилаётган наботот, денгизларда сузиб бораётган кемалар, кечаларда йўловчи мусофирлар учун маёқ бўлган юлдузлар ва хусусан бир томчи сувдан яралиб бутун борлиқдан азиз ва мукаррам бўлган инсон – буларнинг барчаси ягона ва билимдон Яратгувчи Зот борлигига далолат қилиб туриши тўғрисида уқтирилади. Қуруқлик, сув ва ҳаводаги ҳайвонлар, улардан инсон учун келадиган фойдалар ҳақида зикр қилинган.
    Сўнгра Аллоҳ таоло ато этган беҳисоб неъматларнинг шукрини адо қилиш лозимлиги, куфрони неъмат қилган кўрнамак кимсаларнинг оқибати ҳалокат эканлигини баён қилувчи оятлар келтирилади. Сура ниҳоясида Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва у киши умматларини Аллоҳнинг динига илму ҳикмат ва чиройли панд­насиҳат билан даъват этиш ҳамда бу йўлда чекиладиган жабру жафоларга сабр­тоқат қилишга амр этилади.
    Сурада Аллоҳ таолонинг ожиз ва мўъжиз махлуқи бўлмиш асалариларнинг намунали ҳаёт тарзи ҳақида оятлар мавжудлиги учун унга «Наҳл – асалари» номи берилган.

    Ад.: Қуръони карим маъноларининг таржима ва таф­сири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Абдулазиз Мансур; Тафсири Ҳилол. Шайх Муҳаммад Содиқ М.Ю.; Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Алоуддин Мансур; Муҳаммад Амин ибн Абдуллоҳ Ҳаририй. Тафсир ҳадоиқ ар­-ровҳ ва­р­райҳон фи ровабий улум ал-­Қуръон.

    Д.Муродов

    « Back to Glossary Index