NISO SURASI

    48

    НИСО СУРАСИ (араб. – аёллар). Қуръондаги тўртинчи сура. Мадинада ҳижратнинг биринчи йили нозил бўлган. У 176 оят, 3045 сўз, 16030 ҳарфдан иборат. Ҳажм жиҳатидан катталикда иккинчи сура. Узун суралардан бўлгани учун «тивол» деб юритилади. Тартиб рақами бўйича Қуръонда 4-­сура.
    Бу суранинг нозил бўлиши узоқ давом этган. Яъни, учинчи ҳижрий санада бўлиб ўтган Уҳуд урушидан кейин бошланиб, саккизинчи санагача нозил бўлган. Сурада мусулмонларнинг ички ва ташқи иш фаолиятларига алоқадор бўлган аёл, уй, оила, давлат ва жамиятнинг бошқа жиҳатларига, ҳатто халқаро алоқаларга оид бўлган муҳим масалаларга жавоб берилади ва улар бўйича шариат аҳкомлари ёритилган тўла бир сура ҳисобланади. Жамиятнинг турли разолатлардан покланиши борасидага қарашларга алоҳида эътибор қаратилган. Етимларнинг ҳақ­ҳуқуқи, уларнинг ҳақига риоя қилиш, кучсизлар, ёш болалар ҳамда аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, адолат ўрнатиш учун жон ва мол билан курашиш борасида кўрсатмалар келган.Жоҳилият давридаги ёмон одатлардан бўлган, бировларнинг молини ноҳақ ўзлаштириш, порахўрлик, омонатга хиёнат, жамиятдаги кишиларнинг ҳақ­-ҳуқуқларини оёқости қилиш, ноҳақ одам ўлдириш каби масалалар қораланиб, атрофлича баён қилинган. Жамиятни фаҳш, зулм, фитна каби турли разолатлардан сақлаш ҳақида сўз юритилган. Исломий фазилатлар мақталган.Булардан ташқари, эр­хотин ўртасидаги алоқалар – уларнинг бир­бирлари олдидаги ҳуқуқ ва бурчлари ҳамда эр оилада бошлиқ экани ва бу ҳуқуқдан у қандай фойдаланиши лозимлиги ҳақида кўрсатмалар берилади.
    Сўнгра оила доирасидан жамият миқёсига чиқиб, жамият мустаҳкам бўлиши учун кишилар ўртасида дўстлик, бирдамлик ва меҳр­шафқат, холислик ва бағрикенглик барқарор бўлиши зарурлиги ўзига хос услубда уқтирилади. Бу сурада ҳам мунофиқлар ва яҳудийларнинг алоҳида ва ўзаро фаолияти, мусулмонларга қарши юритаётган ишлар, фитналар баҳс қилинган.
    Шунингдек, мерос ҳукмлари батафсил баён қилинди. Ахлоқ масаласига оид кўрсатмалар ҳам келган. Бу сурада бошқалардагига нисбатан аёлларга оид шариат ҳукмлари кўп ва батафсил баён этилганлиги сабабли унга «Нисо» номи берилган.

    Ад.: Қуръони карим маъноларининг таржима ва таф­сири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Абдулазиз Мансур; Тафсири Ҳилол. Шайх Муҳаммад Содиқ М.Ю.; Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Алоуддин Мансур; Муҳаммад Амин ибн Абдуллоҳ Ҳаририй. Тафсир ҳадоиқ ар­-ровҳ ва­р­райҳон фи ровабий улум ал-­Қуръон.

    Д. Муродов

    « Back to Glossary Index