NOZIOT SURASI

    20

    НОЗИОТ СУРАСИ (араб. – суғурувчилар). Бу ерда танадан жонни суғуриб олувчи фаришталар назарда тутилган. Маккада Набаъ сурасидан кейин нозил бўлган. У 46 оят, 173 калима ва 953 ҳарфдан иборат. Муфассал суралардан. Тартиб рақами бўйича Қуръонда 79­-сура.
    Маккий суралар каби ақида, ваҳдоният, пайғамбарлик, ўлгандан сўнг қайта тирилиш, гуноҳколарга жазо ва қиёмат қойим бўлиш жараёни, тақводорларнинг оқибатлари тасвирланган. Бу сура аввалида кофирларнинг жонини шиддат билан суғириб олувчи фаришталар номига, шунингдек, мўминларнинг жонини лутф билан суғириб олувчи, булут каби сузиб юрувчилар, яхшиликда ким ўзарга мусобақа қилувчилар ва ишларнинг тадбирини қилувчиларга қасам ичиш билан бошланади. Қайта тирилиш ҳақ эканлиги таъкидланади ва буни инкор қилган мушрикларнинг ўша кунда қандай ёмон аҳволга тушиб қолишлари ҳақида хабар берилади.
    Макка кофирларнинг туғён ва қайсарликларидан озор чекаётган Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га таскин­тасалли бериш учун ўзларининг салафларидан
    бўлмиш Мусо пайғамбар ҳақида ҳикоя қилиниб, ўша зот ҳам Фиръавн ва унинг одамларини Аллоҳнинг динига даъват қилганларида у бу даъватни қабул қилиш ўрнига ўзини худо деб даъво қилгани ва Ҳақ йўлига қарши тургани оқибатида ўзи ҳам, одамлари ҳам ҳалокатга дучор бўлганликлари баён этилади.
    Сура ниҳоясида яна Қиёмат соати ҳақидаги мавзуга қайтилиб, у куннинг даҳшатини кўрган пайтларида кофирлар бу дунёда бир кун ҳам турмагандек бўлиб қолишлари уқтирилади. Сура ўзининг илк ояти билан «Ван­Назиъат – Жон олгувчи фаришталарга қасам» деб номлангандир. Суранинг бошқа номи «Соҳира»дир.

    Ад.: Қуръони карим маъноларининг таржима ва таф­сири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Абдулазиз Мансур; Тафсири Ҳилол. Шайх Муҳаммад Содиқ М.Ю.; Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Алоуддин Мансур; Муҳаммад Амин ибн Абдуллоҳ Ҳаририй. Тафсир ҳадоиқ ар­-ровҳ ва­р­райҳон фи ровабий улум ал-­Қуръон.

    Д. Муродов

    « Back to Glossary Index