NUH SURASI

    60

    НУҲ СУРАСИ (араб. – Нуҳ (алайҳиссалом) пайғамбар исми). Маккада Наҳл сурасидан кейин нозил бўлган. У 28 оят, 224 калима ва 999 ҳарфдан иборат. Муфассал суралардан. Тартиб рақами бўйича Қуръонда 71-­сура.

    Маккий суралар каби ақида масаласи ва имон асослари ёритилган. Нуҳ (алайҳиссалом) ўз қавмини имонга даъват қилган кезларида улардан кўрган жабру жафолари ва охири
    тавфиқ топмаган кофир қавмларининг туғёни авж олиб кетгандан кейин уларнинг ҳақларига дуои бад қилганлари тўғрисида оятлар баён этилган. Бу сура Аллоҳ таолонинг Ўз пайғамбарлари орқали юборган динига қаршилик қиладиган кимсалар барча замон ва маконларда бўлгани ва бўлажаги ҳақида хабар берилиши баробарида инсоният тарихида Аллоҳ буюрган диндан чиққан барча миллатларнинг оқибатлари ҳалокат билан якун топгани ҳам уқтирилади. Аллоҳнинг амрига юрмаганларнинг, пайғамбарга эргашганлар ва қарши чиққанларнинг оқибати кўрсатиб ўтилади.
    «Анкабут» сурасининг 14­ -оятига кўра Нуҳ (алайҳиссалом) 950 йил пайғамбарлик қилган. Аллоҳнинг динига даъват қилганларидан кейин ҳам улар панд­насиҳат олишиб,
    ҳидоят йўлига юришмагач, у зот Аллоҳ таолога илтижо қилиб бу кофирларга Ўз балосини юборишни сўраганлари ҳақидаги оятлар билан хотима топади. Охири Аллоҳ
    томонидан тўфон балоси юборилиб, куфр ва зулм эгалари тамомила ҳалок этилади.Нуҳ (алайҳиссалом)нинг пайғамбар қилиб юборилиш­лари, Аллоҳнинг азоби ҳақида огоҳлантиришлари, сабр­лари, дин йўлидаги фидокорликлари, ўз қавмларини махфий ва ошкор даъват қилишлари, қавмлари эса кибр ила туғёнга кетишлари зикр қилинган. Нуҳ (алайҳиссалом)нинг эслатмалари беҳуда кетаверганидан, қавмлари даъватни қабул қилмаганларидан кейин Аллоҳ таоло уларга тўфон балосини юборди ва имон келтирган озчиликдан ташқари барчани ҳалок қилгани баён қилинган.
    Мазкур сурада Нуҳ (алайҳиссалом) даврларида бўлган, ўзлари ўйлаб топган 5 та олиҳанинг исми зикр қилинган – Вадд, Суваъ, Яғус, Яъуқ ва Наср. Бу сурада пайғамбарлар оқсоқоли Нуҳ (алайҳиссалом)нинг қиссалари у зотнинг пайғамбар қилиб юборишларидан тортиб то қавмларининг орасидаги кофир бўлган кимсалар тўфон балосига дучор қилинишларигача батафсил ҳикоя қилингани учун бу сура «Нуҳ» сураси деб аталади.

    Ад.: Қуръони карим маъноларининг таржима ва таф­сири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Абдулазиз Мансур; Тафсири Ҳилол. Шайх Муҳаммад Содиқ М.Ю.; Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Алоуддин Мансур; Муҳаммад Амин ибн Абдуллоҳ Ҳаририй. Тафсир ҳадоиқ ар­-ровҳ ва­р­райҳон фи ровабий улум ал-­Қуръон.

    Д. Муродов

    « Back to Glossary Index