NUR SURASI

    68

    НУР СУРАСИ (араб. – Аллоҳ Еру осмонлар нури). Мадинада нозил бўлган. 64 оят, 1316 калима ва 5980 ҳарфдан иборат. Тартиб рақами бўйича Қуръонда 24­-сура.

    Сура ҳижратнинг 6­йилида, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва мусулмонлар Бани Мусталиқ ғазотидан қайтаётган вақтда нозил бўлиб, унинг асосий мавзуси мусулмон жамиятдаги ахлоқ­одоб қонун­қоидаларидир. Унда мусулмонларнинг бир­бирлари билан ўрнатишлари лозим бўлган муносабатларидан тортиб, исломий оилаларнинг ичида барпо қилиниши зарур бўлган соф иқлим ва покиза муҳит йўл­йўриқларигача батафсил баён қилинади.
    Мусулмонлар ўзини тиклаб, оз сонли бўлса­да, душманларидан устун кела бошлади. Сабаб мусулмонларнинг имони эди. Имон сабабли мусулмонларнинг бирлиги ва тартиби мустаҳкам эди. Мушриклар уларни қурол билан енгиб бўлмаслигини тушундилар. Эндиги йўл қурол билан эмас, маънавий ҳужумга ўтдилар. Режани амалга ошириш мақсадида мунофиқлардан фойдаландилар. Бани Мусталиқ ғазотидан қайтишда муҳожир ва ансорлардан бўлган икки киши сув талашиб қоладилар. Бундан фойдаланган Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул турли иғволар билан мусулмонларни орасини бузмоқчи бўлади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) фитнанинг олдини олиш мақсадида мусулмонларни бошқа иш билан машғул қиладилар. Кейинги фитна Ойша (розияллоҳу анҳо) билан содир бўлади. Ислом тарихида «Ифк» (туҳмат) воқеаси номи билан машҳур ҳодиса бўлиб ўтади. Мунофиқлар томониддан тайёрланган туҳматни кўрсатиб қўйиш мақсадида ушбу сура нозил бўлган. Яна бу сурада жамиятни фисқдан поклаш наслларни бузилиб кетишидан сақлаш ва инсонларни ахлоқий тубанликдан асраш учун Аллоҳ таоло фарз қилиб қўйган айрим жазо чоралари, жумладан зинокорликка қарши, номаҳрамларнинг бир­бирлари билан аралашмаслиги, бировни бадном қилиш мақсадида уюштирилган сохта гувоҳларнинг, яъни тухматчининг жазоланиши каби исломга оид чоралар ҳам зикр қилинади. Ва бу билан Ислом назарида киши учун бировнинг молини ноҳақ олиш қандай ҳаром саналса, бировнинг ор­номусини топташ ёки ноҳақ обрўсини тўкиш ҳам шундай ҳаром эканлиги уқтирилади. Мусулмон оиласи учун зарур бўлган иффат, поклик, шариатда қоим бўлиш каби масалалар ҳам зикр этилган. Уй­жойларга изн сўраб кириш, борди­келдилар, меҳмонда ўзини тутиш, кўзни номаҳрамлардан тийиш, зийнатларни беркитиш, фаҳш ишдан қайтариш, турмуш қурмаганларни уйлаб қўйиш кабилар баён этилган. Суранинг «Нур» деб номланишининг сабаби, биринчидан, ундан Аллоҳ еру­осмонларнинг нури – асл ижодкори эканлиги хусусидаги гўзал ояти карималар ўрин
    олгани бўлса, иккинчидан, бу сурада инсонлар бахтли, саодатли ҳаёт кечиришлари учун нур каби зарур бўлган илоҳий аҳкомлар мавжудлигидир.

    Ад.: Қуръони карим маъноларининг таржима ва таф­сири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Абдулазиз Мансур; Тафсири Ҳилол. Шайх Муҳаммад Содиқ М.Ю.; Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Алоуддин Мансур; Муҳаммад Амин ибн Абдуллоҳ Ҳаририй. Тафсир ҳадоиқ ар­-ровҳ ва­р­райҳон фи ровабий улум ал-­Қуръон.

    Д. Муродов

    « Back to Glossary Index