NUX (alayhissalom)

    42

    НУҲ (алайҳиссалом)  – Қуръони каримда номи зикр этилган пайғамбар. Нуҳ (алайҳиссалом)нинг тўлиқ исмлари Нуҳ ибн Ломак ибн Маттушалах ибн Ахнух (Идрис алайҳиссалом.) ибн Ярад ибн Маҳлойил ибн Қинон ибн Ануш ибн Шис ибн Одам (алайҳиссалом)дир. Манбаларда келтирилишича, Нуҳ исми асли ажамий бўлиб, араб тилига бошқа халқлардан кириб келган. У қадимги сурёний тилида шокир­шукр қилувчи, деган маънони англатади. Имом Ҳоким ўзининг «Мустадрак» асарида шундай дейди: Нуҳ (алайҳиссалом)нинг асл исмлари Абдулғаффор бўлиб, у зот Аллоҳга нола қилиб, кўп кўзёши тўкканлари учун Нуҳ, деб номланганлар.
    Қуръони каримда Нуҳ (алайҳиссалом)нинг номлари ҳамда у зотнинг қавмлари ҳақида 28 суранинг 43 оятида зикр этилган. Жумладан, Оли Имрон, Нисо, Анъом, Аъроф, Тавба сураси, Ҳуд, Иброҳим, Исро сураси, Марям, Анбиё, Ҳаж ва бошқа сураларда. Қуръони каримнинг 71-­сураси «Нуҳ» деб номланиб, унда мазкур тарихий қисса батафсил баён этилган.
    Нуҳ (алайҳиссалом) «анбиёларнинг шайхи» деб ҳам аталадилар. Чунки, У зот (алайҳиссалом) «Улул азм» (матонатли) беш пайғамбарнинг биридир. Имом Бухорий
    Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилишларича, у киши: «Одам билан Нуҳ орасида ўн аср бўлган эди. Ҳаммаси Исломда», деганлар. Бундан Одам (алайҳиссалом) билан Нуҳ (алайҳиссалом) ўрталарида минг йил ўтгани маълум бўлади. Қуръони каримда Аллоҳ таоло Нуҳ (алайҳиссалом)нинг номларини Одам (алайҳиссалом) билан бирга зикр қилади: «Албатта, Аллоҳ Одам ва Нуҳни ҳамда Иброҳим ва Имрон авлодларини оламлар узра (пайғамбарлик учун) танлади» (Оли Имрон, 33).
    Нуҳ (алайҳиссалом) қадимги Бобил (Ироқнинг ҳозирги Куфа) шаҳрида дунёга келдилар. Нуҳ (алайҳиссалом)нинг Ҳом, Сом, Ёфас, Ём (Канъон) исмли ўғиллари бўлган. Канъон тўфонда ғарқ бўлган. Тўфондан кейин, Ер юзида инсон авлодлари Нуҳ (алайҳиссалом)нинг уч ўғиллари Ҳом, Сом, Ёфаслардан тарқалгани сабаб у зот “Иккинчи Одам” деб ҳам аталади. У зот тарихчиларнинг таъкидлашларича, Маккаи Мукаррамада, Масжид ал­Ҳаромнинг яқинига дафн қилинган. Қуръони каримда Нуҳ (алайҳиссалом) неча йил яшаганлари ҳақида шундай дейилади: «Биз Нуҳни ўз қавмига (пайғамбар қилиб) юбордик. Бас, у уларнинг орасида эллик йили кам минг йил турди. Бас, уларни золим (кофир) бўлган ҳолларида тўфон (балоси) тутди» (Анкабут, 14).
    Шунингдек, бошқа кўплаб оятларда ҳам Нуҳ (алайҳиссалом) ўз қавмларини туну кун ягона Аллоҳга сиғинишга чақирганлари, Унинг бало ва азобларидан огоҳлантиришларига қарамай, улар Нуҳ (алайҳиссалом)нинг ушбу даъватларига қулоқ солмагани, аксинча устиларидан кулиб, масхара қилганлари, даҳшатли тўфондан омон
    қолиш учун у зотга амр қилинганидек катта кема ясаб, унга ўзларига эргашган оз кишилар ва Ер юзидаги барча жонворлардан жуфт­жуфт қилиб олиб чиққанлари, мазкур кемага чиқмаганларнинг барчаси сувга ғарқ бўлгани зикр этилади.
    Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)нинг сўзларига қараганда, Нуҳ (алайҳиссалом) қавмларига пайғамбар қилиб юборилганларида 480 ёшда эди. Ўз қавмларини 120 йил
    тавҳидга чақирдилар. Кемага чиққан пайтларида 600 ёшда эдилар. Тўфондан сўнг яна 350 йил жами 950 йил ҳаёт кечирдилар.
    Ад.: Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири (қайта ишланган 4­нашри) / Таржима ва тафсир муаллифи Абдулазиз Мансур. – Тошкент: “Тошкент Ислом университети” нашриёт­матбаа бирлашмаси, 2012; Жалолиддин Суютий. Ал­Итқон. – Байрут: Муассаса ар­-рисала ноширун, 2008; Имодуддин Абулфидо Исмоил ибн Касир. Қисас ал­анбиё (Доктор Абдулҳай Фармовий тадқиқи). – Қоҳира: Дор ат­тибоа ван­нашр ал­исламийя, 1997; Доктор Салоҳ Холидий. Ал­Қисас ал­қуръоний. Ж I. – Дамашқ: Дор ал­қалам, 1998; Раҳматуллоҳ қори Обидов. Пайғамбарлар тарихи исломият тарихидир (Қуръони каримда пайғамбарлар сиймоси) Биринчи китоб. – Тошкент: Мовароуннаҳр, 2005; Шайх Муҳаммад Содиқ М.Ю. Ҳадис ва ҳаёт 20­жуз (Анбиёлар қиссаси). – Тошкент: Шарқ, 2008.

    С.Сиддиқов

    « Back to Glossary Index