ODAM (alayhissalom)

    43

    ОДАМ (алайҳиссалом) – Биринчи одам, бутун башариятнинг отаси, Қуръони каримда исми зикр этилган пайғамбарлардан бири. Одам (алайҳиссалом) номлари ва қиссалари 11 суранинг (Бақара, Оли Имрон, Моида сураси, Аъроф, Ҳижр сураси, Исро сураси, Каҳф, Марям, Тоҳо, Ёсин ва Сод) 80 оятида зикр этилган.
    Қуръони каримда Одам (алайҳиссалом)нинг қачон яратилганлиги айтилмаган, лекин унинг нимадан яратилганлиги қуйидагича баён этилган: «Биз инсонни (Одамни) қора балчиқдан (олиб) қуритилган лойдан яратганмиз» (Ҳижр, 26).
    Одам (алайҳиссалом)нинг яратилиши ва Одам (алай­ҳиссалом) қиссаси бир неча сураларда турли шаклларда тушунтириб берилган. Жумладан: «Эсланг, (эй Муҳаммад!) Раббингиз фаришталарга: «Мен Ерда халифа (Одам) яратмоқчиман», – дегани-да, (улар) айтдилар: «Унда (Ерда) бузғунчилик қиладиган, (ноҳақ равишда) қонлар тўкадиган кимсани яратмоқчимисан? Ҳолбуки, биз Сенга ҳамдинг билан тасбеҳлар айтамиз ва Сени муқаддас деб биламиз. (Аллоҳ) айтди: «Албатта, Мен сизлар билмаган нарса ларни билурман». (Аллоҳ) Одамга барча (яратилган ва яратилажак нарсаларга тегишли) номларни ўргатди. Сўнгра уларни фаришталарга (бирма­бир) кўрсатиб деди: «Агар (эътирозингизда) ростгўй бўлсангиз, ана у нарсаларни номлари билан Менга айтиб берингиз!» (Улар) дедилар: «Зоти покинг ҳаққи, бизда Ўзинг билдирганингдан ўзга илм йўқдир. Албатта, Сен Доно ва Ҳакимдирсан». (Аллоҳ) айтди: «Эй, Одам, уларга (мазкур нарсаларни) номлари билан айтиб бер». Уларга номларини айтиб берганида, (У) деди: «Мен осмонлар ва Ер сирларини, сизлар ошкор қилаётган ва яшириб юрган нарсаларингизни билурман, демаганмидим?!» Эсланг, (эй, Муҳаммад!) Биз фаришталарга: «Одамга сажда қилингиз!» – деб буюришимиз билан улар сажда қилдилар. Фақат Иблис бош тортиб, такаббурлик қилди ва кофирлардан бўлди. Биз яна айтдик: «Эй, Одам, сен ва жуфтинг (Ҳавво) жаннатда яшангиз ва хоҳлаган жойларингизда ундан (неъматларидан) бемалол тановул қилингиз. Фақат мана бу дарахтга яқинлашмангиз, (акс ҳолда) золимлардан бўлиб қолурсиз». Бас, шайтон иккисини (васваса билан) ундан чалғитиб, турган жойларидан (жаннатдан) чиқарди. Биз (уларга) айтдик: «Бир-бирингизга (келажак зурриётингиз билан ўзаро) душман ҳолингизда (Ерга) тушингиз! Маълум вақтгача (ажал етгунча) сизлар учун Ерда қарор топиш ва (ундан) фойдаланиш (бордир). Бас, Одам Раббидан (тавбага доир) калималарни қабул қилганидан сўнг (Аллоҳ) унинг тавбасини ижобат этди. Албатта, У Таввоб (тавбани қабул этувчи) ва Раҳим (раҳмли)дир. «У ердан (жаннатдан) ҳаммангиз тушингиз», – дедик. Бас, сизларга Мендан ҳидоят келганда, ҳидоятимга эргашганларга хавф йўқдир ва улар ташвиш ҳам чекмайдилар» (Бақара, 30–38).
    Мазкур оятларда Аллоҳ таоло фаришталарга одамни Ўзининг Ердаги халифаси қилиб яратиши ва бунинг ҳикмати, унга барча нарсаларнинг номларини ўргатиши, фаришталардан уларни сўраши, улар жавоб беришдан ожиз қолганлари, одам эса барча нарсаларнинг номларини айтиб бергани, Аллоҳ таоло фаришталарга Одам (алайҳиссалом)га сажда қилишни буюргани, ҳаммалари сажда қилганлари, фақат иблис эса сажда қилишдан бош тортгани, Одам (алайҳиссалом)нинг завжалари Ҳавво билан жаннатда яшашлари, у ердаги барча неъматлардан тановул қилишларига рухсат берилиб, фақат биргина дарахтнинг мевасидан тановул қилишдан қайтарилганлари, улар шайтоннинг душманлигидан огоҳлантирилганлари, шайтон уларни йўлдан ургани ва ман қилинган дарахт мевасидан еб қўйганлари сўнг ерга туширилганлари ҳақида сўз юритилган. Шунингдек, «Аъроф» сурасининг 14 ояти (11­25)да Одам (алайҳиссалом) қиссалари кенгроқ шаклда келтирилиб, Одам ато ва Момо Ҳавво жаннатда шайтон васвасасига алданиб таъқиқланган дарахт мевасидан еб қўйиб, дарҳол Аллоҳ таолога илтижо қилиб хатоларига тавба қилганлари ҳам зикр этилган.
    Манбаларда келтирилишича, Одам Ато ва Момо Ҳавво жаннатда маълум муддат яшаганларидан сўнг Аллоҳнинг амри ила Одам Ато Ҳиндистонга, Момо Ҳавво эса Жиддага туширилдилар ҳамда бир­бирлари билан Арофотда кўришдилар. Улар ер юзига тушганларидан кейин кўплаб фарзандлар кўрдилар. Ривоятларда келишича, Момо Ҳавво ҳар сафар бир ўғил, бир қиз кўрар эдилар. Ўша пайтдаги имконлар ҳисобга олиниб, биринчи жуфтликдаги ўғил қизлар иккинчи жуфтликдагилар билан оила қурушлари мумкин эди. Шу тариқа одам насли кўпайиб борди ва оталари Одам (алайҳиссалом) уларга пайғамбар бўлдилар. Одам (алайҳиссалом)нинг пайғамбар бўлганларига Қуръони каримдан ва ҳадиси шарифдан далиллар бор. Аллоҳ таоло шундай дейди: «Албатта, Аллоҳ Одам ва Нуҳни ҳамда Иброҳим ва Имрон авлодларини оламлар узра (пайғамбарлик учун) танлади» (Оли Имрон, 33).
    Ҳадиси шарифда Одам (алайҳиссалом)га ўн саҳифа нозил қилингани айтилади. Бу саҳифаларда Аллоҳга имон келтириш ва унинг буйруқларига итоат этиш (ибодат) битилган эди. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Қиёмат куни мен Одам фарзандининг
    саййидидирман ва фахрланиш эмас­ку, қўлимда ҳамд байроғи бўлади. Ҳеч бир набий йўқки, Одамми, ундан бошқасими, ҳаммаси менинг байроғим остида бўлмаса.
    Фахр эмас­ку, мен қабри очилиб, биринчи тириладиган шахсдирман», деганлар (Имом Термизий ривояти). Ушбу далиллар Одам (алайҳиссалом) пайғамбар бўлганларини кўрсатади. У кишининг набий бўлганлари ҳақида ҳеч қандай шубҳа йўқ. Аммо расул бўлганларми ёки йўқми, деган саволга уламолар юқоридаги далилларни келтириб, расул ҳам бўлганлар, деб жавоб берадилар.Одам (алайҳиссалом)нинг бир неча фарзандлари бўлиб, улардан Шис (алайҳиссалом), Қобил ва Ҳобил ўғиллари манбаларда зикр этилган. Қуръони каримнинг «Моида» сураси (27­30­оятлари)да Одам (алайҳиссалом)нинг икки ўғиллари (Қобил ва Ҳобил) қиссаси келтирилган.
    Одам (алайҳиссалом)нинг бўйлари қанча бўлгани айрим ҳадисларда баён қилинган. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Одам (алайҳиссалом)нинг бўйи олтмиш газ, эни етти газ бўлган”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти). Ушбу ҳадисдан Одам (алайҳиссалом)нинг бўйлари тахминан 37­
    40 метр бўлгани келиб чиқади. Қуръони каримда Одам (алайҳиссалом)нинг вафотлари
    ҳақида аниқ маълумот учрамайди. Бу ҳақда тарихчилар ўз қарашларини баён қилиб, Одам ато минг йил яшаб, сўнгра вафот этдилар. У зотни ювиш, кафанлаш, жанозаларини ўқиш, қабрларини қазиш ва дафн қилиш ишларини фаришталар амалга оширганлар, дейдилар. Одам (алайҳиссалом) ўзлари жаннатдан биринчи тушган ерлари, Ҳиндистондаги тоғ яқинига дафн қилиндилар. Бошқа фикрларга кўра, Маккаи Мукаррамадаги Абу Қубайс тоғига ёки Сарандиб (Цейлон)даги Буз тоғига, яна бир ривоятга кўра, Нуҳ тўфонидан кейин Байт ал­Мақдис (Қуддус)га қайта дафн этилганлар.
    Ад.: Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири (қайта ишланган 4­нашри) / Таржима ва тафсир муаллифи Абдулазиз Мансур; Имодуддин Абулфидо Исмоил ибн Касир. Қисас ал­анбиё; Доктор Салоҳ Холидий. Ал­Қисас ал­қуръоний. Ж I; Раҳматуллоҳ қори Обидов. Пайғамбарлар тарихи исломият тарихидир (Қуръони каримда пайғамбарлар сиймоси) Биринчи китоб; Шайх Муҳаммад Содиқ М.Ю. Ҳадис ва ҳаёт 20­-жуз (Анбиёлар қиссаси).

    С.Сиддиқов

    « Back to Glossary Index