OLI IMRON SURASI

    117

    ОЛИ ИМРОН СУРАСИ (араб. – Имрон оиласи) Имрон – Марямнинг отаси. Қуръондаги учинчи сура. Мадинада нозил бўлган. У 200 оят, 3460 калима, 14525 ҳарфдан иборат. Узун суралардан бўлгани учун «тивол» деб юритилади. Тартиб рақами бўйича Қуръонда 3­-сура.
    Сурада шариат ва ақида масалалари асосий мавзуни ташкил этади. Ақида масаласида Аллоҳнинг ягоналиги ва унга ҳужжат ҳамда далиллар келган, ширкнинг улкан гуноҳлиги, пайғамбарлик, аҳли китобнинг ислом, Қуръон ва Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳақларидаги гумонларни йўқотишга қаратилган.
    Агар «Бақара» сурасида аҳли китобларнинг яҳудий қавми ва уларнинг кирдикорлари ҳақида, «Оли Имрон»да аҳли китоблардан бўлган насронийлар тўғрисида сўз бориб, уларнинг Исо (алайҳиссалом)ни худо деб эътиқод қилишлари хато эканлиги очиқ­равшан далиллар орқали батафсил ёритилган. Шунингдек, уларнинг ичида Қуръон ва Муҳаммад (алайҳиссалом)нинг пайғамбарликларини инкор қилувчилар ҳам борлиги айтилиб, бундай ишларга аниқ хужжатлар билан жавоб қилинади. Шу билан бирга мусулмонларни турли макр ҳийлаларга хушёр бўлишга чақирилади.
    Мадина шаҳридаги мусулмон жамоатнинг, ҳижратнинг иккинчи йилида бўлиб ўтган Бадр жанги билан учинчи йилидаги Уҳуд жанги натижасидан ибрат олиб, тўғри хулосалар чиқаришга чақирилади ва ундан кейинги даврдаги ҳаётидан жонли лавҳалар тасвирланади, шу билан бирга, бу воқеаларга муносабат билдирилиб, ҳукмлар баён қилинади.
    Мунофиқлар масаласида ҳам сўз юритилган бўлиб, уларнинг нифоқлари ва Ислом ҳамда мусулмонларга зарар келтиришдаги ҳаракатлари зикри келган. Суранинг сўнгида осмон ва ернинг яратилишидаги ўзига хос ажойиботлар ҳақида фикр юритишга, тафаккур қилишга чақирилган. Абд ибн Ҳумайд, Ибн Ҳиббон ва Ибн Абу Ҳотам ривоятида, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Ким шу оятни (Оли Имрон, 190) ўқиб, у ҳақда тафаккур қилмаса, ҳолига вой бўлсин», деганлар.
    Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Қиёмат куни Қуръон ва унга амал қилган аҳллари келтирилганда, «Бақара» ва «Оли Имрон» суралари бош бўлиб келадилар»,
    деганлар (имом Муслим ривояти). Булардан ташқари, ушбу сурада шариатнинг яна бошқа кўпдан­кўп аҳкомларига асос бўлган оятлар ҳам бор. Бу сурада Марямнинг отаси бўлмиш Имрон ва унинг аҳли оиласи ҳақидаги қисса зикр қилингани учун «Оли Имрон» – «Имроннинг оиласи» деб номланган.
    Ад.: Қуръони карим маъноларининг таржима ва таф­сири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Абдулазиз Мансур; Тафсири Ҳилол. Шайх Муҳаммад Содиқ М.Ю.; Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Алоуддин Мансур; Муҳаммад Амин ибн Абдуллоҳ Ҳаририй. Тафсир ҳадоиқ ар­-ровҳ ва­р­райҳон фи ровабий улум ал-­Қуръон.

    Д. Муродов

    « Back to Glossary Index