OYAT

    19

    ОЯТ (араб. – белги, аломат, мўъжиза, ҳужжат) – оят деб Қуръон сураларининг алоҳида, олдинги ва кейингиларидан узилган, бошланиш ва тугашга эга бўлган бўлакларига айтилади. Оят кўпинча бир жумлани ўз ичига олади. Шунингдек, оятда бир нечта жумла бўлиши ёки бир нечта оят бир жумлани ифодалаши мумкин. Оят сўзи
    Қуръони каримда 382 марта зикр этилган. Жумладан: «(Эй, Муҳаммад!) Бирор оятни бекор қилсак ёки ёдингиздан чиқартирсак…» (Бақара, 106), «Пайғамбарлари уларга айтди: «Унинг подшоҳлик белгиси шуки, сизларга бир сандиқ келади» (Бақара, 248), «Агар мўмин бўлсангиз, албатта, бу ишларда сизлар учун аломат бордир» (Оли Имрон, 49), «Ҳар (турли) мўъжизани кўрсалар (ҳам) унга ишонмайдилар» (Анъом, 25), «ҳар қандай ҳужжат келтирсангиз ҳам,…» (Бақара, 145).
    Энг биринчи нозил бўлган оят «Алақ» сурасининг дастлабки 5 оятидир: “Ўқинг (эй, Муҳаммад! Бутун борлиқни) яратган зот бўлмиш Раббингиз исми билан! (У) инсонни лахта қондан яратди. Ўқинг! Раббингиз эса карамлидир. У инсонга қалам билан (ёзишни ҳам) ўргатди. У инсонга билмаган нарсаларини билдирди” (Алақ, 1–5). Энг охирги нозил бўлган оят «Бақара» сурасининг 281­оятидир: “(Барчангиз) Аллоҳга қайтариладиган кундан (қиёматдан) қўрқингиз! Сўнгра ҳар бир жон (эгаси)га қилган амалларига яраша нарса (мукофот ёки жазо) берилур ва уларга адолатсизлик қилинмас” (Бақара, 281).
    Қуръондаги жами оятлар сони 6236та, энг узун оят «Бақара» сурасининг 282­ояти бўлиб, унда 128та сўз, 540та ҳарф ишлатилган. Энг қисқаси «Сод» (Cод, 1), «Қоф» (Қоф, 1), «Нун» (Қалам, 1) каби “Ҳуруфи­муқаттаот” яъни “таркибдан ажратилган ҳарфлар” билан бошланувчи оятлардир. Маккий оятлар 4603та, маданий оятлар 1633та. Қуръонда фиқҳий, шаръий ҳукмларга тўғридан тўғри алоқадор оятлар тахминан 500тани ташкил этади. Қиссалар 1000дан ортиқ оятда келган, ақида билан боғлиқ оятлар 1443дан ортиқ, ахлоқий тарбия масалалари билан боғлиқ оятлар 803тани ташкил қилади. Баъзан оятлар бир нечта мавзуни қамраб олиши мумкин.

    Ад.: Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Абдулазиз Мансур; Имом Суютий. Ал­Итқон фи улум ал­Қуръон; Имом Заркаший. Ал­-Бурҳон фи улум ал­Қуръон; Сулаймон Румий. Диросот фи улум ал­Қуръон ал­карим; Абдуллаев А. Қуръоншунослик.

    С.Сиддиқов

    « Back to Glossary Index