QALAM SURASI

    77

    ҚАЛАМ СУРАСИ (араб. – қалам). Маккада нозил бўлган. У 52 оят, 300 калима ва 1256 ҳарфдан иборат. Муфассал суралардан. Тартиб рақами бўйича Қуръонда 68­-сура.
    Сурада қалам ва ёзув қуролларининг шаъни улуғланади ва Аллоҳ таоло улар билан қасамёд этиб, ўз пайғамбарининг ҳақ экани, мушрикларнинг инкори ва бўҳтонлари ботил эканини исботлайди. Сурада бахиллик қораланади ва унинг ёмон оқибатлари ифода этилади. Маккий суралари каби ақида ва имон масаласи ёритилган бўлиб, асосий уч мавзуни ўз ичига олган:Пайғамбарлик масаласи ва Макка кофирларининг Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг даъватларига шубҳа билан қарашлари;
    Боғ эгалари қиссаси. Бу қиссадан мурод – куфрнинг оқибатини кишиларга тушунтириш бўлиб, охиратда Аллоҳ таоло мусулмонлар ва гуноҳкорларга тайёрлаб қўйган нарсаларга эътибор тортиш; Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳақиқий пайғамбар эканликларини исботлаш. Сура аввалида Аллоҳ таоло инсон зотига ато этган буюк неъмати – Қалам ва у билан битиладиган битикларга қасам ичиб Ўз пайғамбари Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг Макка мушриклари ҳасад, адоват билан у кишига тақаётган туҳмат ва мажнунлик айбидан пок эканликларини уқтиради ва у зотнинг улуғ Хулқ устида, яъни олий ахлоқ соҳиби эканликларини таъкидлайди. Сўнгра Пайғамбаримизга кофирларнинг бирон сўзига итоат этмаслик буюрилиб, улардан бирининг ҳатто ўзи ҳам билмайдиган иллатлари ҳақида хабар беради. Мусулмон ва кофирларнинг ҳоли қиёсланади. Бу сурадан бахилликлари сабабли бор нарсаларидан айрилган бир қавм тўғрисидаги ибратли масал ҳам ўрин олгандир. Сура Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни кофирлар томонидан етадиган азиятларга сабр қилишга даъват қилиб, Юнус (алайҳиссалом)га ўхшаб шошмасликка ундаш билан хотима топади. Суранинг номи биринчи оятдаги «Қалам» сўзидан олинган бўлиб, унда Аллоҳ қалам билан қасам ичган. Суранинг иккинчи номи «Нун»дир.

    Ад.: Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Абдулазиз Мансур; Тафсири Ҳилол. Шайх Муҳаммад Содиқ М.Ю.; Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Алоуддин Мансур; Муҳаммад Амин ибн Абдуллоҳ Ҳаририй. Тафсир ҳадоиқ ар­-ровҳ ва­р­райҳон фи ровабий улум ал­-Қуръон.

    Д.Муродов

    « Back to Glossary Index