QAMAR SURASI

    45

    ҚАМАР СУРАСИ (араб. – ой). Маккада Ториқ сурасидан кейин нозил бўлган. У 55 оят, 342 калима ва 1423 ҳарфдан иборат. Муфассал суралардан. Тартиб рақами бўйича Қуръонда 54-­сура.
    Сура Маккада нозил бўлгани учун ақида масаласи ўзига хос услуб, яъни таҳдид солиб, чўчитган ҳолда баён қилинган. Барча одамлар «гўё ёйилган чигирткалар каби қабрларидан чиқиб келадиган» Қиёмат куни ва у кунда рўй берадиган даҳшатли ҳодисалар тасвирланади. Бу сурада ҳам ўтмишдаги ўзларига юборилган пайғамбарларни ёлғончи қилган қавмларнинг мана шу дунёдаёқ ҳалокатга дучор этилганликлари уқтирилиб, уларнинг охиратда кўражак азоблари янада даҳшатлироқ эканлиги тўғрисида ҳам хабар берилади. Нуҳ, Ҳуд, Солиҳ, Лут ва Мусо (алайҳиссалом)ларга қавмлари қарши чиққанлари, Аллоҳнинг буйруғига бўйсунмай ҳалокатга учраганлари ҳақидаги қиссалар зикр қилиб ўтилган. Буларнинг барчаси кофирларни ибрат олишга чақириш бўлган. Сура тақво эгалари учун чидам ва бардошга даъват этилади ва Аллоҳ таоло ҳузурида тайёрлаб қўйилган жаннатнинг тавсифи билан хотима топади. Жубайр ибн Мутъимдан ривоят қилинади: «Пайғамбар (алайҳиссалом)нинг вақтларида ой ёрилиб иккига бўлинди. Бир бўлаги манави тоғ устида, иккинчи бўлаги анави тоғ устида кўринди. Мушриклар: «Муҳаммад бизни сеҳрлаб қўйди», дейишди. Сўнг: “Агар бизни сеҳрласа ҳам, ҳаммани сеҳр қила олмайди, мусофирлар келишини кутинглар”, дейишди. Мусофирлар келганида, улардан сўраган эдилар, мусофирлар ҳам ойнинг ёрилганини қўрганларини айтишди. Шунда мушриклар: “Муҳаммад барчани сеҳрлаб қўйибди”, дедилар. Аллоҳ таоло «Қамар» сураси бошини туширди» (имом Аҳмад ривояти). У Пайғамбар (алайҳиссалом)га ато этилган мўъжиза­лардан бири – Ойнинг иккига бўлиниши ҳақидаги ояти карима билан бошлангани учун «Қамар – Ой» деб ном­ланган.

    Ад.: Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Абдулазиз Мансур; Тафсири Ҳилол. Шайх Муҳаммад Содиқ М.Ю.; Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Алоуддин Мансур; Муҳаммад Амин ибн Абдуллоҳ Ҳаририй. Тафсир ҳадоиқ ар­-ровҳ ва­р­райҳон фи ровабий улум ал­-Қуръон.

    Д.Муродов

    « Back to Glossary Index