QASAS SURASI

    22

    ҚАСАС СУРАСИ (араб. – қисса). Маккада Намл сурасидан кейин нозил бўлган. У 88 оят, 1441 калима ва 5800 ҳарфдан иборат. Тартиб рақами бўйича Қуръонда 28-­сура.
    Сурада Мусо (алайҳиссалом)нинг ҳаёт ва фаолияти тўғрисида кенгроқ маълумот берилади. Ёвузлик тимсоли сифатида Фиръавн ва Қорун каби бойлик ва кучли салтанат туфайли қутурган шахслар ҳақида ибратли оятлар берилган. Қолган оятларда, тавҳид, имон, эътиқод, тақво ва солиҳ амалларга тарғибот, куфр, ширк, маъсият каби разилликлардан покланишга қаратилган даъватлар талқин этилади.
    Сура ўз маъно­моҳияти эътибори билан «Шуаро» ва «Намл» сураларидан кейин туширилган бўлиб, бу сурани ушбу сураларнинг узвий давоми дейиш мумкин. Бу сура
    ҳам мусулмонларнинг оғир ҳаёт кечираётган вақтда нозил бўлган. Унда мусулмонларга тасалли берилиб, Ислом йўлида қийинчиликларга сабр қилишга чақирилган. Келажакда нажотга эришишлари айтилган.
    Бу сурада инсонлар ибрат олишлари учун икки золим кимсанинг қилган кирдикорлари ва ҳалокатлари ҳақида ҳикоя қилинади. Улардан бири қўл остидаги ҳукму­салтанат сабабли ўзидан кетиб, ҳатто ўзини худо деб аташгача бориб етган золим ва мустабид подшоҳ Фиръавн ҳақида сўз боради. Унга Мусо (алайҳиссалом) даъват этишга юбориладилар. Бу сурада Мусо (алайҳиссалом)нинг қиссалари батафсил ёритилган. Яъни туғилишлари, сувга оқизилишлари, Фиръавн қасрида боқиб олинишлари, қасрдаги ҳаётлари, вояга етишлари, бир кишини ўлдириб қўйиб тавба қилишлари, Фираъвн зулмидан қочиб Мисрдан кетишлари, Мадяндаги ҳаётлари, уйланишлари, қўй боқишлари, Тур тоғидаги ҳодисалар, Мисрга пайғамбар бўлиб боришлари, Фираъвнни Аллоҳга ибодат қилишга чақиришлари келтирилган. Фираъвнни сувга ғарқ бўлиши ҳам баён этилган.
    Топган молига маст бўлиб, диёнатни унутган Қорун ҳақида ҳам маълумотлар берилган бўлиб, уни ер ютгани ҳақида хабар берилади. Сура икки дунё саодати бўлмиш имонга даъват қилиш билан хотималанади.Бу сурада Аллоҳ таолонинг суюкли пайғамбарларидан Мусо (алайҳиссалом)нинг туғилишларидан тортиб, қандай пайғамбар бўлганлари ва кўрган­кечирган ибратли саргузаштлари бошқа сураларга нисбатан муфассал ва мукаммал зикр қилингани сабабли уни «Қасас­Қисса» деб аталгандир.

    Ад.: Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Абдулазиз Мансур; Тафсири Ҳилол. Шайх Муҳаммад Содиқ М.Ю.; Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Алоуддин Мансур; Муҳаммад Амин ибн Абдуллоҳ Ҳаририй. Тафсир ҳадоиқ ар­-ровҳ ва­р­райҳон фи ровабий улум ал­-Қуръон.

    Д.Муродов

    « Back to Glossary Index