QIYOMAT SURASI

    79

    ҚИЁМАТ СУРАСИ (араб. – қиёмат). Маккада Қориа сурасидан кейин нозил бўлган. У 40 оят, 199 калима ва 652 ҳарфдан иборат. Муфассал суралардан. Тартиб рақами бўйича Қуръонда 75­-сура.
    Сурада қиёмат куни рўй берадиган ҳодисалар, қайта тирилишнинг ҳақлиги, ҳисоб­китоб, жазо ва мукофотлар, дунёпарастликнинг салбий оқибатлари, охиратда жаннат
    ичра Аллоҳ ўзи танлаган солиҳ бандаларига дийдорини кўрсатиши, ширк ва куфрда ўтганларнинг юзлари қорайиб кетиши, ўлим аччиғи ва бошқа маълумотлар баён этилган. Шунингдек, имон арконларидан бири ўлгандан сўнг қайта тирилиш, жазо ёки мукофот олиш баён қилинган. Дастлабки оятларда Аллоҳ таоло нафақат ҳар бир инсоннинг суякларини йиғиб тўплашга, балки унинг бармоқларигача тиклаб бут қилишга қодир экани уқтирилади, сўнг қиёмат кунининг аломатлари зикр қилинади, жумладан ой тутилиши, кўзнинг ҳайрон қолиши, халойиқнинг маҳшарга йиғилиши ва у кунда,бирон инсон Аллоҳ таолонинг одил жазосидан қочарга жой топа олмай қолиши ҳақида хабар берилади.
    Шунингдек, бу сурада Пайғамбар (алайҳиссалом)га нозил бўлаётган ваҳийни қандай қабул қилиб олишлари лозимлигини таълим берадиган оятлар мавжуддир. Сура давомида дунё маишатига муккасидан кетиб, охиратни унутаётган кимсаларга дашном берилиб, у кунда инсонлар икки тоифа – Аллоҳ таолонинг дийдорига мушарраф бўлган саодатмандлара ва юзлари қаро бадбахтлар бўлишлари тўғрисида огоҳлантирилади ҳамда ажал етиб, ўлим соати келган вақтида жон таслим қилаётган киши рўбарў бўладиган даҳшатлар баён этилади. Сура қайта тирилиш ҳақ эканлиги тўғрисида бир
    ибратли ақлий далил келтириш билан хотима топади. Ушбу сурага ном бўлиб биринчи оятидаги сўз асос бўлган.

    Ад.: Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Абдулазиз Мансур; Тафсири Ҳилол. Шайх Муҳаммад Содиқ М.Ю.; Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Алоуддин Мансур; Муҳаммад Амин ибн Абдуллоҳ Ҳаририй. Тафсир ҳадоиқ ар-­ровҳ ва­р­райҳон фи ровабий улум ал­-Қуръон.

    Д.Муродов

    « Back to Glossary Index