QOF SURASI

    49

    ҚОФ СУРАСИ (араб. – қоф араб алифбосининг 21-­ҳарфи). Маккада Мурсалот сурасидан кейин нозил бўлган. У 45 оят, 357 калима ва 1494 ҳарфдан иборат. Муфассал суралардан. Тартиб рақами бўйича Қуръонда 50­-сура.
    Сурада имон, эътиқод, куфр, ширк, дунё ва охират, хусусан, ўлгандан кейин қиёматда тирилиб, Аллоҳ ҳузурида ҳисобот бериш каби маълумотлар ўз ифодасини топган. Барча Макка суралари каби Ислом ақидасининг асослари ҳақида сўзлаб, асосан мана шу ақиданинг бир қисми бўлган ўлимни, қайта тирилиш ва кучли хитоблар ила бу дунёда қилиб ўтилган барча амаллар ҳисоб қилиниши, жаннат ва дўзах ҳақ эканлиги, улардагиларнинг ҳоли тўғрисида сўз юритилган.
    Сура оятлари охиратни инкор этувчи кимсаларнинг назарини ер ва осмондаги Аллоҳ таолонинг қудратига далолат қилиб турган жуда кўп ажойиботларга жалб қилади ва мана шу коинотни йўқдан бор қилган Зот уларни қайта яратишга ҳам қодир эканини таъкидлайди. Бу сурада ҳам мушрикларнинг қайта тирилишни ёлғон деганлари сабабли турли азобларга гирифтор бўлган аввалги кофир бўлган қабилалар қисмати яна бир бор эслатиб ўтилади. Борлиқдаги барча мавжудот ва махлуқотларни яратганини таъкидланади. Сура сур чалиниб қабрлардан ҳисоб­китоб учун чиқиладиган Кунда бўладиган ҳодисаларни баён қилиш, мусулмонларнинг сабрга чақирилиши, Аллоҳга ҳамд айтиш билан хотима топади. Сура ўзининг илк калимаси бўлмиш «Қоф» ҳарфи билан номланган.

    Ад.: Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Абдулазиз Мансур; Тафсири Ҳилол. Шайх Муҳаммад Содиқ М.Ю.; Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Алоуддин Мансур; Муҳаммад Амин ибн Абдуллоҳ Ҳаририй. Тафсир ҳадоиқ ар-­ровҳ ва­р­райҳон фи ровабий улум ал­-Қуръон.

    Д.Муродов

    « Back to Glossary Index