RA’D SURASI

    25

    РАЪД СУРАСИ (араб. – момақалдироқ). Маккада баъзи фикрларга кўра Мадинада нозил бўлган. У 43 оят, 855 калима ва 3506 ҳарфдан иборат. Тартиб рақами
    бўйича Қуръонда 13­сура. Сурада имон билан куфр, ҳақ билан ботил ўртасидаги кураш, ҳаёт ва мамот, қиёмат ва ҳисоб ҳамда бошқа илоҳий кўрсатмалар баён этилган.
    Сура Аллоҳ таолонинг борлиги ва бирлигига имон келтириш масаласи билан бошланиб, сўнг қайта тирилиш ва ҳаёти дунёда қилиб ўтилган ҳар бир ёмон­яхши амал учун қиёмат кунида жазо­мукофот бўлиши ҳақида хабар қиладиган оятлар билан давом этади. Унда ҳақ билан ботил тўғрисида икки ибратли масал келтирилади.
    Биринчиси, жилғаларни тўлдириб оқиб келаётган ёмғир суви ҳаққа, сув устидаги кўпик эса ботилга ташбеҳ қилинса, иккинчисида, ҳар қандай ерости маъданлари ҳам эритилганида улардан соф қимматбаҳо маъдан билан бирга уларга аралашиб қолган оддий тошлар ҳам чиқиши айтилиб, соф маъдан ҳаққа, чиқиндилар эса ботилга ўхшатилади. Сурадаги масалалар борлиқ ажойиботларга боғланган ҳолда баён этилади. Инсон қалбини уфқлар сари етаклайди. Уни атрофдаги мавжудотларга, осмон, ер, тоғ, қуёш, ой, кеча­кундузга, қуруқлик, сув, набототларга, манзара ва улардаги ўзгаришларга назар солишга чорлайди. Мана шунга ўхшаш ибратли мисолларни ўзига жо қилган бу сурада яна момақалдироқ ҳақида зикр қилиниб, ҳатто у ҳам Аллоҳ таолога тасбеҳ айтиб, у зотни поклаб туриши баён қилинадики, бу суранинг «Раъд­момақалдироқ» деб номланишининг сабаби шудир.

    Ад.: Қуръони карим маъноларининг таржима ва таф­сири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Абдулазиз Мансур; Тафсири Ҳилол. Шайх Муҳаммад Содиқ М.Ю.; Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Алоуддин Мансур; Муҳаммад Амин ибн Абдуллоҳ Ҳаририй. Тафсир ҳадоиқ ар­-ровҳ ва­р­райҳон фи ровабий улум ал-­Қуръон.

    Д. Муродов

    « Back to Glossary Index