RUM SURASI

    76

    РУМ СУРАСИ (араб. – Византия давлати). Маккада Иншиқоқ сурасидан кейин нозил бўлган. У 60 оят, 8019 калима ва 3534 ҳарфдан иборат. Тартиб рақами бўйича Қуръонда 30-­сура. Масоний суралардан. Мусулмонлар билан мушриклар орасидаги душманлик жамият ҳаётининг турли жабҳаларида кенг тарқалган эди. Мушриклар ҳар бир ҳодиса ёки қулай фурсат топилди дегунча мусулмонларга озор беришга ҳаракат қилар эдилар. VII асрнинг икки энг йирик давлатлари – Рум ва Форс орасида уруш давом этар эди. Уларнинг ишини араблар кузатар, румликлар аҳли китоб бўлгани учун мусулмонлар улар тараф, форслар мажусий бўлгани сабабли мушриклар улар тараф бўлганлар. Сурада Рум билан Форс ўртасида бошланган жангда Румнинг мағлубиятга учрагани, лекин яқин келажакда у ғалабага эришиши тўғрисида хабар берилади. Дарҳақиқат, етти йилдан сўнг Қуръон хабари исботланиб, румликлар форслар устидан ғалаба қозонади. Бошқа оятларда илоҳий даъват ва ибратли қиссалар давом эттирилади. Бу сура ҳам бошқа Маккий суралардаги каби мўминларни ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга чорлайди ва узоқ­яқин ўтмишдаги Аллоҳни инкор этиб, Унинг пайғамбарларини ёлғончи қилган кимсаларнинг оқибатлари қандай бўлгани ҳақида хабарлар беради. Яна бу сурада Аллоҳ таолонинг қудратига далолат қиладиган бир қанча ибратли мисоллар санаб ўтилиб, Аллоҳ таолога сиғинувчилар билан бутларга сиғинувчилар орасидаги фарқни мисоллар билан тушунтирилади. Илоҳий кўрсатма ва огоҳлантиришлардан ибрат олмаётган кофирлар ҳақида сўз юритилиб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва мусулмонларга тасалли берилади. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни ва у зотнинг умматларини ўз имон­эътиқодларида сабр­тоқат билан устивор бўлишга буюриш билан ниҳояланади. Сура икки катта давлат – Рум ва Форс давлатлари ўртасида бўлган урушларнинг охирисида Рум давлати форслар устидан ғалаба қозониши ҳақида сўз юритилган. Суранинг «Рум» деб аталишининг боиси шудир.

    Ад.: Қуръони карим маъноларининг таржима ва таф­сири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Абдулазиз Мансур; Тафсири Ҳилол. Шайх Муҳаммад Содиқ М.Ю.; Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Алоуддин Мансур; Муҳаммад Амин ибн Абдуллоҳ Ҳаририй. Тафсир ҳадоиқ ар­-ровҳ ва­р­райҳон фи ровабий улум ал-­Қуръон.

    Д. Муродов

    « Back to Glossary Index