SABA SURASI

    28

    САБАЪ СУРАСИ (араб. – Яман диёридаги қадимий шаҳар номи). Маккада нозил бўлган. У 54 оят, 833 калима ва 1512 ҳарфдан иборат. Тартиб рақами бўйича Қуръонда 34-­сура.
    Маккий суралар каби бу сурада ҳам ақида, имон, Аллоҳнинг ваҳдонияти, ваҳийси, ўлгандан кейин тирилиш ҳақ экани, ҳақ билан ботилнинг орасидаги кураш, эзгуликка
    бериладиган ажру савоблар, ёвузликка аталган уқубат ва жазолар тўғрисида оятлар баён этилган. Айниқса, жинлар ҳам инсон каби ғайбий сирларни билмаслиги тўғрисидаги муҳим маълумотлар ушбу сурада ўз аксини топган.
    Сура осмонлар ва ерни яратган, дунё ва охиратнинг ёлғиз подшоҳи бўлган Аллоҳ таолога ҳамд айтиш билан бошланиб, сўнгра У зотнинг еру­осмондаги барча сирдан огоҳ экани, бинобарин қиёмат кунида бу дунёда қилиб ўтилган ҳар бир зарра яхшилик ва ёмонликнинг мукофот – жазосини бериши ҳақида хабар берилади ва бу дунёда одамларни Ҳақ йўлидан оздириб ботил йўлларга бошлаган кимсалар у дунёдаги даҳшатли азоб олдида уларга эргашган кишиларнинг гуноҳларини бўйинларига олмасликлари таъкидланади.
    Бу сурада Аллоҳ таоло ато этган неъматларга шукр қилиб, У зотга сидқидилдан бандалик қилган Довуд ва Сулаймон пайғамбарлар Аллоҳнинг марҳаматига эришганликлари ҳақидаги қиссалари ҳам зикр қилинади. Мушрикларнинг Аллоҳга ширк келтириши улкан гуноҳ экани баён қилинган. Шунингдек, Аллоҳ ато этган неъматларга ношукурлик қилганлари, манманликка берилганлари оқибатида улардан маҳрум бўлган «Сабаъ» қабиласи ҳақида ҳам ҳикоя қилинадики, бу суранинг «Сабаъ» деб аталишининг боиси шудир.

    Ад.: Қуръони карим маъноларининг таржима ва таф­сири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Абдулазиз Мансур; Тафсири Ҳилол. Шайх Муҳаммад Содиқ М.Ю.; Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Алоуддин Мансур; Муҳаммад Амин ибн Абдуллоҳ Ҳаририй. Тафсир ҳадоиқ ар­-ровҳ ва­р­райҳон фи ровабий улум ал-­Қуръон.

    Д. Муродов

    « Back to Glossary Index