SAF SURASI

    34

    САФ СУРАСИ (араб. – саф тортиб туриш). Мадинада Тағобун сурасидан кейин, тўлиқ ҳолатда нозил бўлган. У 14 оят, 220 калима ва 900 ҳарфдан иборат. Муфассал суралардан. Тартиб рақами бўйича Қуръонда 61-­сура.
    Сурада Мусо ва Исо (алайҳиссалом)ларнинг Бани Исроил қавми томонидан кўрган озорлари, Муҳаммад (алайҳиссалом)ни охирги пайғамбар қилиб юборилишлари ҳақида Исо (алайҳиссалом)нинг берган башоратлари, Аллоҳ динининг ривожи учун қилинадиган ҳаракатлар тафсилоти мавжуд.
    У дастлаб Аллоҳ таолога тасбеҳ айтилганидан сўнг, мўминларга берган ваъдаларига хилоф қилмай унинг устидан чиқишлари лозим эканлигини уқтириш билан бошланади.
    Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг рисолатлари аввалгиларини тўлдирувчи, адолат, ҳақиқат ва тенглик каби ғояларни илгари сурувчи дин экани таъкидланади. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га Аллоҳнинг йўлида чекаётган озорларига ибрат бўлиши учун Мусо ва Исо пайғамбарларнинг даъватларига нисбатан яҳудийларнинг муносабатлари зикр этилган. Аллоҳ таоло доимо Ўз динига, пайғамбарларига ва мухлис бандаларига ёрдам бериб келгани эслатилади. Мушриклар Аллоҳнинг динига қарши курашишлари худди қуёшни пуфлаб ўчираётган одамга ўхшатилади. Сура мўминларга Аллоҳ ва Унинг пайғамбари Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га имон келтирганларидан кейинги энг нажотбахш амал – Аллоҳнинг йўлида мол ва жонлари билан жиҳод қилишлари эканлигини уқтириб, уларни Аллоҳ таолонинг ёрдамчилари бўлишга даъват қилиш билан якунланади. Аллоҳ таоло Ўзининг йўлида саф бўлиб курашадиган кишиларни суйиши таъкидланадики, суранинг «Саф» деб номланишига шу сабабдир. Суранинг яна бир номи «Ҳаворийлар»дир.

    Ад.: Қуръони карим маъноларининг таржима ва таф­сири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Абдулазиз Мансур; Тафсири Ҳилол. Шайх Муҳаммад Содиқ М.Ю.; Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Алоуддин Мансур; Муҳаммад Амин ибн Абдуллоҳ Ҳаририй. Тафсир ҳадоиқ ар­-ровҳ ва­р­райҳон фи ровабий улум ал-­Қуръон.

    Д. Муродов

    « Back to Glossary Index