SAJDA SURASI

    48

    САЖДА СУРАСИ (араб. – Сажда). Маккада Мўъминун сурасидан кейин нозил бўлган. У 30 оят, 380 калима ва 1518 ҳарфдан иборат. Тартиб рақами бўйича Қуръонда 32­сура.
    Маккий суралар каби ақида масаласи асосий ўринда туради. Шунингдек, Аллоҳ, охират куни, илоҳий китоблар, пайғамбарлар, қайта тирилиш ва ҳисоб­китоб мавзулари ҳақида тўхталиб ўтилган. У Қуръони каримнинг шубҳасиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га туширилган Китоб эканини таъкидлаш билан бошланиб, «Уни Муҳаммаднинг ўзи тўқиб олган», дейдиган мушрикларнинг сўзлари ёлғон эканлиги уқтирилади.
    Сўнгра «Мана шу ҳаётдан бошқа ҳаёт йўқ, ҳеч қачон қайта тирилмаймиз», деган кимсаларнинг сўзлари аниқ ҳужжатлар билан рад этилиб, охират ва қиёмат ҳақ экани
    ҳамда ҳаётларини имон ва эзгу амаллар қилиш билан ўтказган мўминлар учун Аллоҳнинг мукофоти борлиги, ҳаёти дунёда Аллоҳни унутган кимсаларни эса у кунда Аллоҳ ҳам «унутиб» қўйиши ҳақида хабар берилади. Қиёмат куни манзаралари тасвирланади. Мусо (алайҳиссалом)нинг пайғамбарликлари Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ники билан бир хил экани айтилади. Уларнинг сабри зикр қилинган.
    Сура ҳисоб куни кечадиган аҳволни тасвирлаш билан ниҳояланади. Мушрикларнинг қиёмат қачон бўлади, деган саволларига жавоб берилади.
    Бу сурада сажда ояти мавжуд бўлгани сабабли уни «Сажда» сураси деб номлангандир. Суранинг иккинчи номи «Мазожиъ»дир.

    Ад.: Қуръони карим маъноларининг таржима ва таф­сири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Абдулазиз Мансур; Тафсири Ҳилол. Шайх Муҳаммад Содиқ М.Ю.; Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Алоуддин Мансур; Муҳаммад Амин ибн Абдуллоҳ Ҳаририй. Тафсир ҳадоиқ ар­-ровҳ ва­р­райҳон фи ровабий улум ал-­Қуръон.

    Д. Муродов

    « Back to Glossary Index