SHO’RO SURASI

    27

    ШЎРО СУРАСИ (араб.  – маслаҳат, кенгаш). Маккада нозил бўлган. У 53 оят, 886 калима ва 3588 ҳарфдан иборат. Тартиб рақами бўйича Қуръонда 42-­сура.
    Сурада мусулмонлар диний ва дунёвий ишларини ўзаро маслаҳат ва кенгаш асосида амалга оширишлари мақтовга сазовор экани айтилади. Шунингдек, унда Қиёмат сураси, жаннат, дўзах, тавҳид, имон, куфр, ширк, зулм каби тушунчаларнинг Ислом таълимоти бўйича кенг тафсилоти ва бир неча машҳур пайғамбарларнинг номлари ҳамда охиратда бўладиган воқеалар зикр этилади.
    У Қуръони Каримнинг Аллоҳ таоло томонидан туширилган ваҳий эканлигини таъкидлаш билан бошланиб, сўнгра барча пайғамбарлар келтирган шариатлар моҳияти
    жиҳатидан бир бўлиб, ёлғиз Аллоҳ таолога ибодат қилишга буюргани ҳақида хабар беради. Аллоҳнинг ягоналиги, ҳар бир нарсага қодирлиги, ибодатга сазовор ягона Зот
    эканлигига далолат қилувчи оятлар бор. Мўминларнинг бошқалардан ажраб турувчи сифатлари, қиёматда кофирларнинг аҳволи баён қилинган. Баъзи мушрикларнинг Аллоҳнинг боласи бор, деганлари ҳақида гап боради. Уларнинг разиллик қилаётган бир вақтда, Аллоҳнинг фаришталари у Зотга тинмай тасбеҳ айтишлари, ибодат қилишлари ҳақида маълумот берилган. Аллоҳ таоло Нуҳ, Иброҳим, Мусо, Исо ва бошқа барча пайғамбарларни юборгани, уларнинг олиб келган ваҳийси Аллоҳдан экани баён қилинган. Бу сурада ҳам бошқа Макка сураларидаги каби мўминлар қўрқув ва умид билан кутаётган, кофирлар эса инкор этаётган Қиёмат кунининг келиши аниқ ва яқин экани таъкидланади ҳамда инсонларни ўша Кун келиб қолишидан илгари, Аллоҳга имон келтириб, ёлғиз Унинг амрига итоат этишга буюрилади.
    Сура ниҳоясида ушбу Қуръон мўминларни Ҳақ йўлига ҳидоят қиладиган бир илоҳий Нур эканлиги уқтирилади. Қуръони каримга куфр келтирганлар, қайта тирилиш, жазо
    ва мукофотни инкор қиладиганлар зикр қилинган. Уларга азоб кучли бўлиши кўрсатилади. Бу сурада аҳли имоннинг гўзал фазилатларидан бўлмиш – ҳар бир ишда маслаҳат – кенгаш билан иш тутиш хислатига даъват этадиган оятлар ҳам мавжуд бўлгани учун у «Шўро – Маслаҳат» сураси деб номланган. Суранинг яна бир номи «Ҳа мим, айн син қоф»дир.

    Ад.: Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Абдулазиз Мансур; Тафсири Ҳилол. Шайх Муҳаммад Содиқ М.Ю.; Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Алоуддин Мансур; Муҳаммад Амин ибн Абдуллоҳ Ҳаририй. Тафсир ҳадоиқ ар­-ровҳ ва­р­райҳон фи ровабий улум ал­-Қуръон.

    Д.Муродов

    « Back to Glossary Index