SHUARO SURASI

    38

    ШУАРО СУРАСИ (араб. – шоирлар). Маккада нозил бўлган. У 227 оят, 1279 калима ва 5542 ҳарфдан иборат. Миун (юзликлар) суралардан. Тартиб рақами бўйича Қуръонда 26-­сура.
    Сурада тавҳид, имон, ислом, инсоний фазилатларга даъват, коинот сирлари, пайғамбарларнинг даъват асносида чеккан заҳматлари, охиратга тааллуқли маълумотлар бор. Сура Қуръоннинг Аллоҳ томонидан нозил қилинган (очиқ оятлардан) иборат эслатма эканини таъкидлаш билан бошланиб, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га мушрикларнинг имонсизликларидан қайғурмаслик кераклигини уқтиради ва улар яқинда – Қиёмат кунида Аллоҳнинг азобига дучор бўлишлари ҳақида хабар беради. Мусулмонларнинг сони озлиги, кучсиз, мушрикларнинг таъналари ва қўрқитишлари, қийнашлари даврида Қуръон мусулмонларга тасалли бўлар эди. Бу сура ҳам шу қийин даврда нозил бўлган. Энг асосий масала ақида масаласи ҳисобланади.
    Бу сурада ҳам аввал ўтган пайғамбарлардан Мусо, Иброҳим, Нуҳ, Ҳуд, Солиҳ, Лут ва Шуайб (алайҳиссалом)ларнинг қиссалари ҳақида ҳикоя қилиниб, уларнинг барчалари бир нарсага – яккаю ягона Аллоҳга имон келтириб, У зотнинг Ўзигагина итоат этишга даъват қилганлари айтилади ва уларни ёлғончи қилган кимсаларнинг топган ҳалокатлари тасвирланади. Бу билан мусулмонларга тасалли берилган.
    Сура ниҳоясида сўз яна Қуръонга қайтиб, унинг шайтонлар келтирган чўпчак ё шоирлар битган шеър эмас, балки Аллоҳ томонидан Жаброил фаришта воситасида очиқ араб тилида нозил қилинган илоҳий Китоб эканлиги таъкидланади.
    Бу сурадан Аллоҳ таолонинг шоирлар ҳақидаги оятлари ҳам ўрин олгани сабабли у «Шуъаро» сураси деб аталгандир.

    Ад.: Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Абдулазиз Мансур; Тафсири Ҳилол. Шайх Муҳаммад Содиқ М.Ю.; Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Алоуддин Мансур; Муҳаммад Амин ибн Абдуллоҳ Ҳаририй. Тафсир ҳадоиқ ар­-ровҳ ва­р­райҳон фи ровабий улум ал­-Қуръон.

    Д.Муродов

    « Back to Glossary Index