SHUAYB (alayhissalom)

    24

    ШУАЙБ (алайҳиссалом) – Қуръони каримда номи келган пайғамбарлардан бири. Тўлиқ исмлари Шуайб ибн Сайфур ибн Айфо ибн Собит ибн Мадян ибн Иброҳим (алайҳиссалом)дир. Шуайб (алайҳиссалом) Иброҳим (алайҳиссалом)нинг сулолаларидан. Шуайб (алайҳиссалом)нинг оналари Лут (алайҳиссалом)нинг қизлари бўлган. Шуайб (алайҳиссалом) милоддан аввалги 16 асрда Иорданиянинг қадимги Мадян шаҳрида туғилиб, 15 асрда шу ерда вафот этганлар. Баъзи манбаларда у зот Маккада вафот этганлари ва Каъбанинг ғарбий тарафига дафн этилганлари зикр қилинган. Шуайб (алайҳиссалом) кучли нотиқ, фасоҳат ва балоғат билан сўзловчи бўлганлари учун «Пайғамбарлар хатиби» деган унвонга сазовор бўлганлар.
    Манбаларда у зотнинг кўзлари ожиз бўлгани ҳақида зикр этилган. Қуръони каримда Шуайб (алайҳиссалом)нинг исмлари 4 суранинг 11 оятида зикр этилган. Улар: Аъроф,
    Ҳуд, Шуаро ва Анкабут сураларидир. Қуйидаги оятда Шуайб (алайҳиссалом)нинг пайғамбар эканликлари ҳақида шундай дейилади: «Мадян (қавми)га биродари Шуайбни (элчи – пайғамбар этиб юбордик)» (Ҳуд, 84).
    Шуайб (алайҳиссалом) кўп даъват ва насиҳат қилсалар ҳам Мадян қавми у кишини ёлғончига чиқарди, насиҳат уларга кор қилмагач, қилмишларига жавобан зилзила билан жазоланиб, ҳалок бўлдилар. Оятларда: «Гўё у ерда (олдин) яшамагандек (излари ўчиб кетди). Огоҳ бўлингизки, Самуд (қавми)га ҳалокат етгани каби Мадян (қавми)га ҳам ҳалокат етсин!» (Ҳуд, 95), «Уларга ўзларидан олдингилар – Нуҳ, Од, Самуд қавмлари, Иброҳим қавми, Мадян (шаҳри) аҳолиси (Шуайб қавми) ҳамда остин-устун бўлган шаҳарлар (Лут қавми)нинг хабарлари (етиб) келмабдими?! Уларга ўз пайғамбарлари ҳужжатлар (мўъжизалар)ни келтирган эдилар. Бас, Аллоҳ уларга зулм қилувчи бўлмади, балки ўзларига зулм қилувчи бўлдилар» (Тавба, 70), «Мадян (шаҳрининг) аҳолиси ҳам (шундай эдилар). Мусо ҳам ёлғончига чиқарилди. Мен кофирларга муҳлат бериб қўйиб, сўнгра уларни (ўз азобим билан) ушладим. Бас, Менинг инкорим (ва эътирозим) қандай бўлди?!» (Ҳаж, 44), «Улар (Шуайбни) ёлғончига чиқаришгач, уларни даҳшатли зилзила тутиб, турган жойларида мурдага
    айландилар» (Анкабут, 37).
    Мусо (алайҳиссалом) Фиръавн зулмидан қочиб, Мадян шаҳри томон юрадилар ва «Қачонки, Мадян (шаҳри) томонга равона бўлгач, деди: «Зора, Раббим мени тўғри йўлга ҳидоят этса» (Қасас, 22) дедилар. Мадянга етиб келганлар. Оятда: «Қачонки, Мадяннинг суви (қудуғи)га етиб келгач, у жойда бир тўп одамлар (чорваларини) суғораётганларини кўрди ва улардан берироқда икки аёл (ўз қўйларини) қўриқлаб турганларини кўриб: «Сизларга не бўлди?» – деди. Улар: «Биз, то подачилар (молларини) қайтармагунча, суғора олмаймиз. Отамиз эса қари чол», – дедилар» (Қасас, 23) дейилган. Бу икки қиз кўзлари ожиз бўлиб қолган пайғамбар Шуайб (алайҳиссалом)нинг қизлари эди. Иккиси қўйларини қудуққа суғоргани олиб келиб, эркаклар кўп бўлгани учун улардан ҳаё қилиб, яқинлаша олмай турганларида, Мусо (алайҳиссалом) уларга ёрдам бергач, улар бориб оталарига бу ҳақда хабар берадилар. Шунда Мусо (алайҳиссалом) Мадян шаҳрида бир неча йил қолиб кетадилар. Жумладан,
    оятда: «Мадян аҳли орасида ҳам (неча) йиллар турдинг, сўнгра (пайғамбарлик учун белгилаб қўйилган) муддат бўйича (бу ерга) келдинг, эй Мусо!» (Тоҳо, 40), дейилган.
    Тафсир китобларда бу 18 йил экани айтилган.

    Ад.: Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва тафсир муаллифи Абдулазиз Мансур; Имодуддин Абулфидо Исмоил ибн Касир. Қисас ал­анбиё (Доктор Абдулҳай Фармовий тадқиқи); Жалолиддин Суютий. Ал­Итқон. Доктор Салоҳ Холидий. Ал­Қисас ал­-қуръоний. Ж. I; Раҳматуллоҳ қори Обидов. Пайғамбарлар тарихи исломият тарихидир (Қуръони каримда пайғамбарлар сиймоси) Биринчи китоб; Шайх Муҳаммад Содиқ М.Ю. Ҳадис ва ҳаёт 20­жуз (Анбиёлар қиссаси).

    С.Сиддиқов

    « Back to Glossary Index