SIROT

    21

    СИРОТ (араб. – йўл) – одамлар ва жониворлар қатнови натижасида ер сатҳида из босилиб ҳосил бўлган қатнов қисми ёки кишилар ва транспорт учун махсус белгиланган ер бўлаги. Қуръони каримда Сирот “маънавий йўл”, “ҳидоят”, “Ислом дини” маъноларида 23 – суранинг 38 -ўрнида келган.
    Аллоҳ инсонни Ўз иродаси билан яратди, унга ақл берди ва йўл кўрсатди. Инсон тўғри ёки ботил йўлдан бирини танлайди ва шу танлови учун мукофот ёки жазо олади. Аллоҳ таоло инсонни икки дунё саодатига эриштирувчи йўлни билади. Шунинг учун, бандаларига диний кўрсатмалар юбориб, уларни тўғри йўлга солиб туради: “У билан Аллоҳ ризосини топишга интилганларни (У) тинчлик ва саломатлик йўлларига йўллаб, Ўз изни билан уларни зулматлардан нурга чиқарур ва тўғри йўлга ҳидоят қилур” (Моида, 16). Мусулмонлар Аллоҳ таолодан пайғамбарлар, сиддиқлар, солиҳ бандалар
    йўлини сўраб, ҳидоятда бардавом қилишини тилаб дуо қиладилар, Аллоҳнинг ғазабига учраган ва адашганларнинг йўлидан паноҳ тилайдилар: “Бизни шундай тўғри йўлга йўллагинки, у Сен инъом этган зотларнинг йўли (ҳидоят йўли) бўлсин, ғазабга учраган ва адашганларнинг эмас!” (Фотиҳа, 6–7). Бу хусусида Исо (алайҳиссалом): “Албатта, Аллоҳ менинг Роббим ва сизнинг Роббингиздир. Бас, Унга ибодат қилинг. Бу – сироти мустақимдир” дейдилар (Оли Имрон, 51).
    Шунингдек, ҳадиси шарифда охиратда жаҳаннам устига қўйиладиган қилкўприк маъносида ҳам қўлланилади. Жумладан, Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қилади: “Жаҳаннам устига кўприк ташланади. Мен биринчи бўлиб кўприкдан ўтаман. Ўша куни пайғамбарлар нуқул: «Аллоҳумма саллим, саллим (Ё Парвардигоро, ўзинг асрагин, ўзинг асрагин)!» – деб дуо ўқийдилар. Пулсиротнинг янтоқ тиканлари каби илмоқлари бўлади. Унинг илмоқлари янтоқ тикани каби бўлса­да, қанчалик катталигини биргина Аллоҳ таолонинг ўзи билади. Ана ўша илмоқлар сиротдан ўтаётган одамларни қилган ёмонликларига яраша санчиб­санчиб илинтириб олади, уларнинг ҳар бири қилмишига мувофиқ тилка­пора бўлиб, жаҳаннамга қулайди”. Сирот кўприги одамларни жаннати ва дўзахига ажратиш учун хизмат қилади. Ундан ўтиб кетганлар жаннатга тушади, ўта олмай йиқилганлар жаҳаннамга қулайди.
    Ад.: Умар Аҳмад Мухтор. Ал­муъжам ал­мавсуъийли­ алфоз ал­Қуръон ал­карим ва қироат.; Тафсири Ҳилол. Шайх Муҳаммад Содиқ М.Ю.; Ўзбек тилининг изоҳли луғати: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти.

    И.Турдиматова

    « Back to Glossary Index