SOD SURASI

    34

    СОД СУРАСИ (араб. – ҳуруфи муқаттаот). Маккада нозил бўлган. У 88 оят, 732 калима ва 3067 ҳарфдан иборат. Тартиб рақами бўйича Қуръонда 38­-сура.
    Сурада мушрикларнинг Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га тазйиқлари, охиратда бериладиган мукофот ва жазолар, инсоний фазилатларга тарғибот каби илоҳий кўрсатмалар мужассам.
    Сура аввалида Қуръони карим шаънига – унинг ҳақ Китоб эканига қасам ичилади. Бош мавзу ақиданинг уч масаласи – тавҳид, ваҳий ва охиратдаги ҳисоб­китоб баён қилинган. Сўнгра мушрикларнинг Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) даъватларига нисбатан кўрсатган қайсарликлари тўғрисида хабар берилади ва у зот ҳамда саҳобийларга тасалли бўлиши учун ўтган айрим пайғамбарлар Довуд, Сулаймон, Айюб, Исҳоқ, Яъқуб, Исмоил ва Зул­Кифл (алайҳиссалом)ларнинг ҳаётлари ва уларга кофирлар томонидан етказилган азиятлардан лавҳалар келтирилади.
    Бу сурада ҳам Аллоҳ таоло мўминлар учун ҳозирлаб қўйган гўзал оқибат­жаннат ва ҳаёти дунёдан динсизлик билан ўтадиган кофирлар учун тайёрлаб қўйилган дўзах ҳақидаги бир неча оятлар мавжуд. Шунингдек, бу сурада аҳли имонни кибр иллатидан
    йироқ бўлишга даъват этилиб, иблиснинг жаннатдан қувилишига сабаб бўлган нарса – Аллоҳ таолонинг амрига итоат этишдан бош тортиб, мутакаббирлик қилгани ўзига хос услубда таъкидлаб ўтилади. Сура вақт ўтиши билан Қуръон хабарларининг ҳақиқат эканлиги маълум бўлиб бораверишини уқтириш билан ниҳояланади.
    Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳақиқий вазифалари нимадан ибрат экани баён қилиниш билан сура ниҳоясига етади. Бу сура «Сод» ҳарфи билан бошлангани учун шу номини олган. Баъзилар Довуд (алайҳиссалом) қиссалари келгани учун бу сурани «Довуд» деб номлайдилар.

    Ад.: Қуръони карим маъноларининг таржима ва таф­сири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Абдулазиз Мансур; Тафсири Ҳилол. Шайх Муҳаммад Содиқ М.Ю.; Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Алоуддин Мансур; Муҳаммад Амин ибн Абдуллоҳ Ҳаририй. Тафсир ҳадоиқ ар­-ровҳ ва­р­райҳон фи ровабий улум ал-­Қуръон.

    Д. Муродов

    « Back to Glossary Index