SOFFOT SURASI

    38

    СОФФОТ СУРАСИ (араб. – саф тортиб турувчилар). Маккада нозил бўлган. У 182 оят, 860 калима ва 3829 ҳарфдан иборат. Миун (юзликлар) суралардан. Тартиб рақами бўйича Қуръонда 37­-сура.
    Сурада имон­эътиқод, куфр ва ширк, инс ва жин, жаннат ва дўзах, пайғамбарлар, хусусан, Одам, Нуҳ, Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Мусо, Лут, Ҳорун, Юнус сураси, Илёс ва
    Муҳаммад (алайҳиссалом) қиссалари ва бошқа маълумотлар баён қилинади.
    Имон ва ундан етадиган фойдалар, куфр ва унинг зиёнлари ҳақида сўзловчи маккий суралардан бўлиб, Аллоҳ таолонинг амрига доим мунтазир бўлиб турадиган зотлар ҳақида зикр қилиниши билан бошланади. Кишилар қалбида эътиқодни барпо қилиш, уни ширкнинг турли кирларидан тозалаш баён этилади. Тавҳид ва ваҳий масаласи ҳам ўрин олган.
    Сурада фаришталарнинг бир неча тоифаларига қасам ичиш билан бошланган бўлиб, сўнгра жинлар тўғрисида сўз юритилиб, айрим нодон кимсаларнинг «Жинларнинг Аллоҳга яқинлиги бор», деган афсоналари кескин рад этилади, жинларнинг ҳақиқати баён этилади.
    Мушрикларнинг залолати ва уларга ўхшашларнинг қиссалари келтирилади. Борлиқдаги мавжуд нарсалардан ўрнак олишга чақирилади. Охират ҳаёти – жаннат аҳли мушарраф бўлган бахт, дўзахилар дучор этилган азоб ҳақидаги жуда жонли лавҳалар келтирилган. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га куфр келтираётганларнинг иши янгилик эмаслиги, буларга ўхшаган кофирлар аввал ҳам бўлгани ҳақида сўз юритилади. Улар пайғамбарлардан Нуҳ, Иброҳим, Исмоил, Мусо, Ҳорун, Илёс, Лут (алайҳиссалом)лар даврида бўлгани учун уларнинг қиссалари зикр этилади. Пайғамбарларнинг барчалари «чиройли амал қилгувчи» бандалар бўлганликлари уқтирилади. Хусусан, Иброҳим (алайҳиссалом) Аллоҳ таоло томонидан ўз ўғиллари Исмоил (алайҳиссалом)ни қурбон қилишга буюрилишлари ва ҳар иккиси Яратганнинг амрига итоат этган чоғларида Аллоҳ таоло жаннатдан қўчқор тушириб, Исмоил (алайҳиссалом)нинг ўрниларига ўшани сўйишга буюргани хусусидаги хабар билан имон ва имтиҳон ҳақида ибратли мисол келтирилади. Аллоҳ таоло Пайғамбарлари ва мўмин бандаларига икки дунёда ҳам нусрат бериши айтилади.
    Қуръони каримдаги бир неча сураларни Аллоҳ Ўзи яратган айрим махлуқоти номига қасам билан бошлайди. Бу сура ҳам Яратганнинг барча буйруқларини дарҳол ижро этиш учун саф тортиб турадиган ҳақиқий имон эгалари номига қасам ичиш билан бошлангани сабабли у «Ва­с­-Соффат – Саф тортиб тургувчиларга қасам», деб аталгандир. Саф тортиб турувчилардан мурод бу ерда Аллоҳнинг амрига мунтазир бўлиб турувчи фаришталар ва мўминлардир.

    Ад.: Қуръони карим маъноларининг таржима ва таф­сири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Абдулазиз Мансур; Тафсири Ҳилол. Шайх Муҳаммад Содиқ М.Ю.; Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Алоуддин Мансур; Муҳаммад Амин ибн Абдуллоҳ Ҳаририй. Тафсир ҳадоиқ ар­-ровҳ ва­р­райҳон фи ровабий улум ал-­Қуръон.

    Д. Муродов

    « Back to Glossary Index