SULAYMON (alayhissalom)

    81

    СУЛАЙМОН (алайҳиссалом) – Қуръони каримда номи зикр этилган пайғамбарлардан бири. Довуд (алайҳиссалом)нинг ўғли. Тўлиқ исмлари Сулаймон ибн Довуд ибн Ийша ибн Увайд ибн Обир ибн Салмун ибн Наҳшун ибн Аминозиб ибн Эрам ибн Ҳасрун ибн Фарс ибн Яҳузо ибн Яъқуб ибн Исҳоқ ибн Иброҳим (алайҳиссалом)дир. Манбаларда келтирилишича, Сулаймон (алайҳиссалом) милоддан аввалги 985­йил Қуддусда туғилганлар ҳамда 932­йил 53 ёшда вафот этганлар.
    Қуръони каримда Сулаймон (алайҳиссалом)нинг номлари 7 сурада 17 марта келган. У зот ҳақларида Бақара сураси, Нисо, Анъом, Анбиё, Намл сураси, Сабаъ ва Сод сураларида зикр қилинган. Жумладан, қуйидаги оятда шундай дейилади: «Олдин Нуҳни ҳам ҳидоятга йўллаган эдик. Унинг зурриётидан Довуд, Сулаймон, Айюб, Юсуф
    сураси, Мусо ва Ҳорунни (ҳам йўлладик)» (Анъом, 84).
    Сулаймон (алайҳиссалом) оталари Довуд (алайҳиссалом) вафот этганларидан кейин у зотга муносиб ворис бўлиб, 13 ёшларида подшоҳлик тахтига ўтирадилар ва Бани Исроил қавмига ҳам пайғамбар, ҳам подшоҳ бўлдилар. Бу борада Қуръони каримда шундай дейилади: «Сулаймон (пайғамбарлик ва подшоҳликда) Довудга ворис бўлди…» (Намл, 16).
    Аллоҳ таоло Довуд (алайҳиссалом)га бергани каби Сулаймон (алайҳиссалом)га ҳам ўз фазлидан етук билим ато этди: «Қасамки, Биз Довуд ва Сулаймонга (етук) билим ато этдик…» (Намл, 15). У зот мана шу билим билан жамики инсу жин ва ҳайвонлару қушлар оламига ҳам подшоҳлик қилганлар: «Сулаймон (хизмати) учун жин, инс ва қушлардан иборат лашкарлари тўпланиб, тизилган ҳолларида турдилар» (Намл, 17). Сулаймон (алайҳиссалом)нинг қўл остларида Аллоҳнинг амри билан у зотга бўйсундирилган жинлар турли хизматларни бажарган: «Улар (Сулаймонга мисдан у) хоҳлаган нарсаларни – меҳроблар (ибодатхоналар), тимсоллар (ҳайкаллар, суратлар), ҳовузлар каби (катта) лаганлар ва (ўчоқларга) ўрнашувчи қозонларни ясаб берурлар»
    (Сабаъ, 13). Ушбу оят тафсирида шундай дейилади: «Сулаймон (алайҳиссалом)га Аллоҳ таоло пайғамбарликдан ташқари инсу жин, паррандаю даррандалар устидан подшоҳлик қилиш неъматини ато этган бўлиб, бир мис булоқ ҳам у кишига бўйсундириб қўйилган экан. Пайғамбар итоатидаги жинлар ўша булоқдан мис эритмасини олиб, Сулаймон (алайҳиссалом) буюрган буюм ва шаклларни ясашар экан. Шунингдек, жинлар денгиздан ғаввослик қилиб дурларни олиб чиқиш, бинолар қуриш, ҳайкаллар ясаш, элчилик қилиш ва бошқа вазифаларни бажаришар эди». Сулаймон (алайҳиссалом) қушларнинг тилини ҳам уларнинг ўзларидек билар ва тушунар эдилар: «…ва айтди: «Эй, одамлар! Бизга қушлар тили билдирилди. Албатта, бу аниқ фазлнинг ўзидир» (Намл, 16). У зот ҳатто ердаги майда ҳашаротлар жумладан, чумолиларнинг гапини ҳам эшитиб, жуда яхши англардилар: «То улар чумолилар водийсига етганларида, бир чумоли: «Эй, чумолилар! Уяларингизга кирингиз, яна Сулаймон ва унинг лашкарлари ўзлари сезмаган ҳолларида сизларни эзиб кетмасинлар!» – деди. (Сулаймон) унинг сўзидан кулиб, табассум қилди…» (Намл, 18–19). Кучли, бўронли шамоллар ҳам Сулаймон (алайҳиссалом)нинг ихтиёрида бўлиб, истаган жойга бир зумда элтиб қўйган: «Сулаймонга эса бўронли шамолни (бўйин сундириб), унинг амри
    билан Биз муборак қилган замин (Шом) сари эсадиган (қилиб қўйдик)…» (Анбиё, 81).

    Ад.: Қуръони карим маъноларининг таржима ва таф­сири / Таржима ва тафсир муаллифи Абдулазиз Мансур; Имодуддин Абулфидо Исмоил ибн Касир. Қисас ал­анбиё (Доктор Абдулҳай Фармовий тадқиқи); Жалолиддин Суютий. Ал­Итқон. Доктор Салоҳ Холидий. Ал­Қисас ал­қуръоний. Ж. III; Раҳматуллоҳ қори Обидов. Пайғамбарлар тарихи исломият тарихидир (Қуръони каримда пайғамбарлар сиймоси) Биринчи китоб; Шайх Муҳаммад Содиқ М.Ю. Ҳадис ва ҳаёт 20­жуз (Анбиёлар қиссаси).

    С.Сиддиқов

    « Back to Glossary Index