TAG’OBUN SURASI

    22

    ТАҒОБУН СУРАСИ (араб. – бир­бирини муомалада алдаш). Мадинада Таҳрим сурасидан кейин нозил бўлган. У 18 оят, 241 калима ва 1070 ҳарфдан иборат. Муфассал суралардан. Тартиб рақами бўйича Қуръонда 64­-сура.
    Сурада қиёмат куни ва қайта тирилишнинг ҳақлиги, бу дунёнинг бевафо ва муваққатлиги, оила ва фарзандларга муносабат, итоаткор бўлишга даъват ва бошқа илоҳий кўрсатмалар ўз ифодасини топган. Сура Аллоҳ таолонинг қудрати илоҳиясига далолат қиладиган оятлар билан бошланиб, сўнгра илгари ўтган динсиз кимсалар пайғамбарларини ёлғончига чиқарганлари учун топган оқибатлари ва улар охиратда
    гирифтор бўладиган азоблар ҳақида хабар берилади. Бу сурада ўлгандан кейин қайта тирилиш куни бор эканлигини инкор қилган кофирларнинг даъволари кескин рад этилиб, Аллоҳ таоло номига қасам билан у Куннинг ҳақ экани таъкидланади ва уни «Тағобун», яъни «Бир­-бирларини алдаш – зиён етказиш» Куни деб аталади.
    Чунки бу дунёда мўминларни алдаб, уларга зиён етказиш ҳаракатида юрган кофирлар у Кунда дўзахга гирифтор қилинишлари билан ўзларининг зиён тортиб, алданиб қолганликларини билишиб, надоматлар қиладилар, мўминлар эса у Кунда жаннат неъматига эришишлари билан дунёда кофирларнинг алдовларига учмаганликлари сабабли катта фойда кўрганликларини биладилар. Сура охирида мўминларга топган мол­мулк ва болалари улар учун фақат бир имтиҳон эканлиги уқтирилиб, уларни қўлларидан келганича тақво билан ҳаёт кечиришга ва Аллоҳ йўлида мискинларга хайр­эҳсон қилишга даъват этилади.

    Ад.: Қуръони карим маъноларининг таржима ва таф­сири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Абдулазиз Мансур; Тафсири Ҳилол. Шайх Муҳаммад Содиқ М.Ю.; Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Алоуддин Мансур; Муҳаммад Амин ибн Абдуллоҳ Ҳаририй. Тафсир ҳадоиқ ар­-ровҳ ва­р­райҳон фи ровабий улум ал-­Қуръон.

    Д. Муродов

    « Back to Glossary Index