TAHRIM SURASI

    25

    ТАҲРИМ СУРАСИ (араб. – ҳаром қилиш, тақиқлаш). Мадинада Ҳужурот сурасидан кейин нозил бўлган. У 12 оят, 247 калима ва 1060 ҳарфдан иборат. Муфассал суралардан. Тартиб рақами бўйича Қуръонда 66­-сура.
    Сурада Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан баъзи хотинлари ўрталарида бўлиб ўтган айрим можаролар, оила ва фарзанд тарбияси, тавба қилишга тарғиб ва ниҳоят, Нуҳ ва Лут (алайҳиссалом)лардек пайғамбарларнинг аёллари кофир бўлгани, Фиръавндек кофирнинг аёли ва шунингдек, Биби Марям бинт Имрон эса мўмина ва солиҳа бўлганлари баён этилган.
    Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг баъзи аёллари розилигини ўйлаб, ҳалол нарсаларни ҳаром қилиб олганлари дуруст эмаслиги баён қилиниши билан сура
    бошланган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан аҳли байтлари ўртасида бўлиб ўтган айрим воқеалар ҳақида ҳикоя қилинади ва бу билан мусулмонларга эр билан хотиннинг оилада тутиши лозим бўлган ўрни ҳамда улар ўртасидаги риоя этилиши лозим бўлган айрим қоидалар ўргатилади, айниқса, оилавий сирни фош этиш ҳақида сўз борган.
    Сура давомида мўминлар ўзларини ва оилаларини дўзахга дучор қиладиган гуноҳлардан сақлашга ҳамда холис тавба қилишга қайта­қайта даъват этиладилар. Сура мўмин зот (Нуҳ ва Лут пайғамбарлар) қарамоғидаги кофир аёллар ва кофир кимса (Фиръавн) қўл остидаги мўмина аёл ва Марям бинти Имрон ҳақидаги икки ибратли мисол билан хотима топади. Охиратда ҳасаб ва насаб, яқинлик ва қариндошлик фойда бермаслиги таъкидланади. «Таҳрим» – «Ҳаром қилиб олиш» деб номланган бу сура жорияларни ўзлари учун ҳаром қилиб олган Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га танбеҳ бериш билан бошланади.

    Ад.: Қуръони карим маъноларининг таржима ва таф­сири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Абдулазиз Мансур; Тафсири Ҳилол. Шайх Муҳаммад Содиқ М.Ю.; Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Алоуддин Мансур; Муҳаммад Амин ибн Абдуллоҳ Ҳаририй. Тафсир ҳадоиқ ар­-ровҳ ва­р­райҳон фи ровабий улум ал-­Қуръон.

    Д. Муродов

    « Back to Glossary Index