TAKOSUR SURASI

    41

    ТАКОСУР СУРАСИ (араб. – бирор нарсани тўплаб, кўпайтириш иштиёқида бўлиш). Маккада Кавсар сурасидан кейин нозил бўлган. У 8 оят, 28 калима ва 120 ҳарфдан иборат. Муфассал суралардан. Тартиб рақами бўйича Қуръонда 102-­сура.
    Сурада то жонлари чиқиб, қабрларига киргунларича мол тўплаш ҳаракати ва ўша арзимас матолар билан бир­-бирларига мақтанишга машғул бўлишиб, Аллоҳни ёд этиш
    ва Унинг буйруқларини бажаришга вақт тополмай қолган дунёпараст кишилар қораланади.
    Лекин улар ҳақиқатни билиб, чуқур идрок этганларида бундай қилмасликлари, дунёга берилишнинг оқибатини эса яқинда, яъни ҳаётдан кўз юмгач ҳамда охиратдаги жазони муқаррар эканини кўриб билганларидан кейингина англашлари, шунингдек, ўша куни дунёда ато этилган неъматлардан ҳисобот олиниши тўғрисида огоҳлантирилади.
    Бу сурада кескин хитоблар билан одамларни мазкур ишларни қилмасликка чақирилади. Охиратдаги даҳшатлар эслатилади.Сурага биринчи оятдаги «Такосур» сўзи ном бўлган.

    Ад.: Қуръони карим маъноларининг таржима ва таф­сири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Абдулазиз Мансур; Тафсири Ҳилол. Шайх Муҳаммад Содиқ М.Ю.; Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Алоуддин Мансур; Муҳаммад Амин ибн Абдуллоҳ Ҳаририй. Тафсир ҳадоиқ ар­-ровҳ ва­р­райҳон фи ровабий улум ал-­Қуръон.

    Д. Муродов

    « Back to Glossary Index