TAKVIR SURASI

    112

    ТАКВИР СУРАСИ (араб. – ўраб қўйиш). Маккада Масад сурасидан кейин нозил бўлган. У 29 оят, 104 калима ва 533 ҳарфдан иборат. Муфассал суралардан. Тартиб рақами бўйича Қуръонда 81-­сура.
    Сурада қиёмат қойим бўлганда, Қуёш ўраб йиғишти­риб қўйилиши, юлдузлар, тоғлар, денгизлар ва бошқа катта­кичик мавжудотларда рўй берадиган ўзгаришлар тасвирланади. Шунингдек, ҳисоб­китоб жараёни ва бошқа ҳодисалар ўз баёнини топади. У қиёмат бўлганида бутун коинотда рўй берадиган даҳшатли ўзгаришлар тасвири билан бошланиб, ана ўша Кунда ҳар бир жон ўз ҳаётида қандай амаллар қилиб ўтганини билиб, иқрор бўлиши ҳақида хабар берилади.
    Сўнгра Аллоҳ таоло Ўзи яратган бир неча мавжудот номига қасам билан Қуръони карим фаришта Жаброил келтирган илоҳий сўз эканини ва ушбу Каломуллоҳнинг бирон оятини қолдирмасдан инсонларга етказиб бераётган Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мажнун эмасликларини таъкидлайди. Сура давомида инсонларга хитоб қилиниб, улардан қўлларида Ҳақ йўлини кўрсатиб турган шундай буюк Китоб мавжуд бўла туриб, ўзлари учун яна қандай йўл ахтариб кетаётганлари сўралади.
    Сура қиёмат кунида бутун ер юзини ёритиб ва иситиб турадиган қуёш ҳам ўралиб, нурсизланиб, ҳеч нарса бўлмай қолиши хусусидаги оят билан бошлангани сабабли «Таквир – Ўралиш» деб номлангандир.

    Ад.: Қуръони карим маъноларининг таржима ва таф­сири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Абдулазиз Мансур; Тафсири Ҳилол. Шайх Муҳаммад Содиқ М.Ю.; Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Алоуддин Мансур; Муҳаммад Амин ибн Абдуллоҳ Ҳаририй. Тафсир ҳадоиқ ар­-ровҳ ва­р­райҳон фи ровабий улум ал-­Қуръон.

    Д. Муродов

    « Back to Glossary Index