TALOQ SURASI

    76

    ТАЛОҚ СУРАСИ (араб. – талоқ). Мадинада Инсон сурасидан кейин нозил бўлган. У 12 оят, 249 калима ва 1170 ҳарфдан иборат. Муфассал суралардан. Тартиб рақами бўйича Қуръонда 65­-сура.
    Эридан ажраган, яъни талоқ қилинган аёл қанча идда ўтириши, уни то иддаси чиққунга қадар жой ва нафақа билан таъминлаб туриш эрнинг бурчи экани, Пайғамбар
    (алайҳиссалом)нинг ўз умматларига нисбатан жаҳолат зулматидан имон нури сари етаклаб чиқувчи халоскор эканлари ва бошқа илоҳий насиҳатлар бу сурадан жой олган. Талоқ икки хил (сунний ва бидъий) бўлиши ва мўминларга суннийни танлашга чақирилади. Талоқ қилаётган талоқни муносиб (яъни ҳайздан покланган) вақтда қўйилиши тавсия этилган. Идданинг ҳукмлари – ёш ўтганлиги, ёш кичиклиги, ҳомиладорлиги, батафсил ёритилган. Шу билан бирга доимо эр, ё хотиндан бирортасига зулм бўлмаслиги учун Аллоҳдан қўрқишга даъват тез­тез такрорланиб туради. Сура Қуръони карим нозил қилинишидан ва Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) пайғамбар қилиб юборилишларидан мурод, мўминларни жаҳолат зулматларидан имон нурига олиб чиқиш эканини таъкидлаш ҳамда етти осмон ва ерни яратган Аллоҳ таоло барча нарсани билиб, иҳота қилиб тургувчи Зот эканлигини уқтириш билан хотима топади.
    Унда сўз асосан оилавий аҳволга тааллуқли шариат ҳукмларидан талоқ ва унинг қонун­қоидалари устида боргани учун у «Талоқ» сураси деб номлангандир.

    Ад.: Қуръони карим маъноларининг таржима ва таф­сири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Абдулазиз Мансур; Тафсири Ҳилол. Шайх Муҳаммад Содиқ М.Ю.; Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Алоуддин Мансур; Муҳаммад Амин ибн Абдуллоҳ Ҳаририй. Тафсир ҳадоиқ ар­-ровҳ ва­р­райҳон фи ровабий улум ал-­Қуръон.

    Д. Муродов

    « Back to Glossary Index