TAVBA SURASI

    101

    ТАВБА СУРАСИ (араб. – тавба қилиш). Мади­нада нозил бўлган. У 129 оят, 4078 калима ва 10488 ҳарфдан иборат. Бу сура нозил бўлиш вақтига кўра охирги (ҳижрий 9 йил) ва тарқоқ ҳолда туширилган суралардандир. Анфол сураси билан қўшилганда «тивол» деб юритилади. Тартиб рақами бўйича Қуръонда 9-­сура.
    Қуръондаги ягона «Бисмиллоҳ» сиз бошланадиган сура. Бунинг сабаби тўғрисида турли фикрлар айтилган. Баъзилар сура олдинги «Анфол» сурасининг давоми бўлгани
    учун десалар, бошқалар сурада кўпроқ уруш, жанг, қатл ва Аллоҳнинг лаънатига гирифтор бўлган мунофиқларнинг хилма­хил тоифалари ҳақида зикр этилгани учун бу жойда «Бисмиллоҳир Раҳмонир Раҳим» каби Аллоҳнинг раҳмли ва меҳрибонлигига далолат қиладиган оят ўқилиши муносиб эмас, деб изоҳ берадилар. Расулуллоҳдан эса, бу тўғрида аниқ кўрсатма берилмаган.
    Сура Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобалар билан «Табук» жангидан қайтаётганларида нозил бўла бошлаган (Табук – Мадина билан Дамашқ орасидаги ҳаж йўли устида жойлашган воҳа. Ҳижрий тўққизинчи йилда у ерда мусулмонлар билан мушриклар ўртасида жанг бўлган). Бу сурада Ислом шариатининг кўпгина қонун­қоидаларини баён қилиш билан бирга, икки мақсад кўзда тутилади: улардан биринчиси, Исломнинг мушриклар ва аҳли китоблар билан қандай муносабатда бўлиш лозимлиги хусусидаги қатъий ҳукмини билдириш бўлса, иккинчиси, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ғазотга чиқишга чақирган пайтларида кишилар руҳиятидаги ҳолатларни кўрсатишдир.
    Сурада, Табук воқеаси, масжид қуриш, имон, куфр, савоб­гуноҳ, тавба ва бошқа мавзулар баён этилган. Сўнгги суралардан бўлгани учун ҳукмлари ўзгармаган. Унда Ислом жамияти ва унинг бошқа тузумлар ўртасидаги алоқаларга эътибор қаратилган. Жумладан, Арабистон ярим оролидаги мушриклар, шунингдек, яҳудий ва насронийлар
    билан алоқалар ҳақида маълумотлар берилган. Мунофиқлар ҳақида ҳам сўз юритилган. Уларнинг нифоқлари фош этилган. Пайғамбар бошчилигидаги мусулмонларга етказган озорлари зикр этилган. Мунофиқларнинг мусулмонлардан ажралиб турувчи сифатлари ва амаллари кўрсатилган. Ҳатто баъзиларнинг дин ниқоби остида мусулмонларга қарши кирдикорлари ҳам эслатилган.
    Бу суранинг бир неча номи бўлиб, улардан энг машҳури «Тавба»дир. Сура ниҳоясида Аллоҳ мўминларнинг тавбаларини қабул этиши эълон қилингани учун ҳам бу сура «Тавба» номи билан аталгандир. У «Бароат» сураси деб ҳам аталади. Бароат – оранинг
    очиқлиги маъносини билдириб, сура шу сўз билан бошланади. Олимлар суранинг бошқа номларини ҳам келтирганлар.

    Ад.: Қуръони карим маъноларининг таржима ва таф­сири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Абдулазиз Мансур; Тафсири Ҳилол. Шайх Муҳаммад Содиқ М.Ю.; Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Алоуддин Мансур; Муҳаммад Амин ибн Абдуллоҳ Ҳаририй. Тафсир ҳадоиқ ар­-ровҳ ва­р­райҳон фи ровабий улум ал-­Қуръон.

    Д. Муродов

    « Back to Glossary Index