TAVROT

    42

    ТАВРОТ (араб. – қонун) – яҳудийларнинг муқаддас китоби. Мусо (алайҳиссалом)га нозил қилинган. Қуръони каримда 18 ўринда (Оли Имрон, Моида сураси, Аъроф, Тавба сураси, Фатҳ, Саф, Жумъа сураларида) Таврот сўзи ишлатилган. Таврот ҳам Аллоҳ таоло тарафидан Қуръон ва Инжил каби нозил қилинган. Жумладан: «Таврот ва Инжилни нозил қилиши» (Оли Имрон, 3), «Эй, аҳли китоблар, нима учун Иброҳим ҳақида (у бизнинг динимизда бўлган деб) баҳслашасизлар? Ахир, Таврот билан Инжил ундан кейин нозил бўлган-ку!» (Оли Имрон, 65), «Таврот нозил бўлмай туриб» (Оли Имрон, 93), «Дарвоқе, Биз (уларга) Тавротни нозил қилдик» (Оли Имрон, 44).
    Аллоҳ Мусо (алайҳиссалом)дан кейин Исо (алайҳиссалом)га Инжилни бериш билан бирга Тавротни ҳам ўргатгани ва уни тасдиқлаш, ҳукмларини ўзгартириш учун юборилгани айтилган. Оятларда: «Унга (Исога Аллоҳ) ёзишни, (илму) ҳикматни, Таврот ва Инжилни таълим беради» (Оли Имрон, 48), «(Мен) ўзимдан олдинги (нозил этилган) Тавротни тасдиқлаш ва сизлар учун ҳаром қилинган айрим нарсаларни ҳалол қилиб бериш учун келдим» (Оли Имрон, 50), «Уларнинг изларидан Исо ибн Марямни
    ўзидан олдинги (туширилган) Тавротни тасдиқ этувчи ҳолда издош қилиб юбордик ва унга Инжилни – ичида ҳидоят ва нури билан ўзидан олдинги (туширилган) Тавротни тасдиқ этувчи ҳолда тақводорлар учун ҳидоят ва насиҳат (манбаи) қилиб бердик» (Оли Имрон, 46), «Сенга ёзувни, ҳикматни, Таврот ва Инжилни таълим бердим» (Оли Имрон, 110), «Эсланг, Исо ибн Марям: «Эй, Исроил авлоди! Мен Аллоҳнинг сизларга (юборган) пайғамбаридирман. (Мен) ўзимдан олдинги Тавротни тасдиқловчи ва ўзимдан кейин келадиган Аҳмад исмли бир пайғамбар ҳақида хушхабар берувчиман», – деган эди» (Саф, 6) Баъзи оятларда эса, яҳудийлар Тавротдаги ҳукмларга амал қилмасликлари айтилган. Уларда: «Таврот нозил бўлмай туриб, Исроил (Яъқуб) ўзига ҳаром қилиб олган нарсалар (туя гўшти ва сути)дан бошқа барча таомлар Исроил авлодига ҳалол эди. «Агар ўзларингизни (ин корингизда) ростгўй деб билсангиз, Тавротни келтириб, ўқиб кўрингиз», – деб айтинг» (Оли Имрон, 93), «Ўзларида Таврот ва унда Аллоҳнинг ҳукми бўла туриб, нечук Сизни ҳукм чиқаришга ундайдилар ва сўнгра юз ўгирадилар (ҳукмингизга амал қилмайдилар)?! Ана ўшалар (Сизга ва Тавротга) асло имон келтирувчи эмаслар» (Оли Имрон, 43), «Айтинг: «Эй, аҳли китоблар! Токи Таврот, Инжил ва Раббингиз томонидан сизларга нозил қилинган нарсаларни барпо этмагунингизгача ҳеч бир нарса (дин)да муқим эмассизлар»» (Оли
    Имрон, 68), «Таврот юклатилган (берилган), сўнгра уни кўтармаган (унга амал қилмаган) кимсаларнинг мисоли худди китобларни ортиб кетаётган эшакка ўхшайди»
    (Жумъа, 5).
    Агар яҳудийлар Аллоҳнинг итоатида бўлиб Тавротдаги ҳукмга амал қилганларида Аллоҳ уларга фаровон ҳаёт берган бўлар эди. Жумладан: «Агар улар Таврот, Инжил
    ва Парвардигорлари томонидан уларга нозил қилинган нарса (Қуръон)га риоя қилишганида, тепаларидан (маънавий), оёқлари остидан (моддий) таъминланган бўлур эдилар» (Оли Имрон, 66).
    Тавротда Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алай­ҳи ва саллам)нинг исмлари ёзилгани айтилган. Жумла­дан: «Улар саводсиз элчига – исми ўзларидаги Таврот ва Инжилда ёзилган пайғамбарга (Муҳаммадга) эргашадилар» (Аъроф, 157), «Эсланг, Исо ибн Марям: «Эй, Исроил авлоди! Мен Аллоҳнинг сизларга (юборган) пайғамбаридирман. (Мен) ўзимдан олдинги Тавротни тасдиқловчи ва ўзимдан кейин келадиган Аҳмад исмли бир пайғамбар ҳақида хушхабар берувчиман», – деган эди» (Саф, 6).
    Ҳатто мусулмонларнинг сифати ҳам келган, масалан: «Муҳаммад Аллоҳнинг расулидир. У билан бирга бўлган (мўмин)лар кофирларга қаҳрли, ўз ораларида (мўминларга нисбатан) эса раҳм-шафқатлидирлар. Уларни (мудом) Аллоҳдан фазл ва розилик тилаб рукуъ ва сажда қилаётган ҳолларида кўрарсиз. Уларнинг юзларида сажда асоратидан (қолган) белгилари бордир. Мана шу (сифатлар) уларнинг Тавротдаги мисолларидир» (Фатҳ, 29).
    Қуръон оятларида келганидек, Тавротда ҳам Аллоҳ ваъдасига хилоф иш қилмаслигини таъкидланган. Унда: «Таврот, Инжил ва Қуръонда Ўзининг ҳақ ваъдасини берган Аллоҳдан кўра ким аҳдига вафодорроқдир?!» (Тавба, 111).

    Ад.: Қуръони карим маъноларининг таржима ва таф­сири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Абдулазиз Мансур.; Тафсири Ҳилол. Шайх Муҳаммад Содиқ М.Ю.

    Д.Муродов

    « Back to Glossary Index