TOHA SURASI

    131

    ТОҲА СУРАСИ (араб. – То, ҳа. Араб алифбосидаги ҳарфлар. Бу икки рамзий ҳарфлардан мурод нима экани фақат Аллоҳгагина маълум). Маккада Марям сурасидан
    кейин нозил бўлган. У 135 оят, 3041 калима ва 5242 ҳарфдан иборат. Миун (юзликлар) суралардан. Тартиб рақами бўйича Қуръонда 20­-сура.
    Сурада илоҳий кўрсатмалар билан бир қаторда Мусо (алайҳиссалом), биродари Ҳорун (алайҳиссалом) ҳамда Фиръавн ва вазири Ҳомон ҳақидаги қисса батафсил баён қилинади. Шунинг учун ҳам у «Мусо» сураси деб ҳам номланган.
    Маккий суралар каби тавҳид, пайғамбарлик, қайта тирилиш, маҳшарга тўпланиш каби масалалар зикр этилган. Бу сура Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га хитоб қилиш билан бошланиб, у зотнинг шахслари алоҳида васф қилинган. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг руҳларини кўтариб, қўллаб­қувватлашга алоҳида эътибор берилган. Шунингдек, мушрик ва кофирларнинг найрангларига, ёлғонларига, истеҳзо ва мазахларига аҳамият бермасдан, ўзларининг вазифаларини оғишмай бажаришга ундалган.
    Аллоҳ таоло томонидан нозил бўлган Қуръони каримнинг У Зотдан қўрқадиган кишилар учун бир панд­насиҳат экани ва Яратганнинг энг махфий нарсалардан ҳам огоҳ бўлган зот эканлиги баён қилинади. Бу сурада Аллоҳ таоло Ўзининг сўнгги пайғамбарига ундан аввал ўтган салафлари учун ҳам Ҳақ йўлига даъват қилиш осон бўлмаганини эслатиб, суранинг асосини ташкил этадиган Мусо ва Ҳорун пайғамбарларнинг қиссасини батафсил баён қилади. Унда Мусо (алайҳиссалом)нинг қай ҳолатда пайғамбар бўлганлари ва у зотга Аллоҳ таоло томонидан қандай мўъжизалар ато этилгани; Мусо билан золим Фиръавн ўртасидаги мужодала; Мусо билан сеҳргарлар ўртасида бўлиб ўтган мусобақа; ниҳоят Фиръавн ва унинг лашкарлари қандай ҳалок бўлганлари ва бошқа ҳодисалар ҳақида ҳикоя қилинади. Шу билан бирга, Мусо (алайҳиссалом) қавмларининг бузоқни илоҳ қилиб олишлари зикр этилади. Одам (алайҳиссалом) қиссалари ҳам эслатиб ўтилади. У кишининг зурриётларига пайғамбарлар юборилгани айтилади.
    Яна бу сурада барча жонзот ҳисоб­китоб учун жамланадиган қиёмат кунида овозлар ҳам Раҳмонга таъзим қилишлари ва фақат пичирлашларгина қулоққа чалиниши каби қиёмат манзаралари ҳам тасвирлаб ўтилади ҳамда Ҳақ йўлидан тоймаган кишилар ўзларига ваъда қилинган жаннатларга киритилиб, кофирлар эса жаҳаннамга ташланишлари ҳақида хабар берилади. Сура Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га айрим илоҳий йўл­йўриқлар кўрсатиш билан ниҳояланади.
    Бу суранинг нима сабабдан «Тоҳа» деб номлангани хусусида турли ривоятлар мавжуддир. Уларнинг аксарисида «Тоҳа» – пайғамбар Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг исмларидан биридир, дейилади.

    Ад.: Қуръони карим маъноларининг таржима ва таф­сири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Абдулазиз Мансур; Тафсири Ҳилол. Шайх Муҳаммад Содиқ М.Ю.; Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Алоуддин Мансур; Муҳаммад Амин ибн Абдуллоҳ Ҳаририй. Тафсир ҳадоиқ ар­-ровҳ ва­р­райҳон фи ровабий улум ал-­Қуръон.

    Д. Муродов

    « Back to Glossary Index