TORIQ SURASI

    54

    ТОРИҚ СУРАСИ (араб. – Зуҳал юлдузи). Маккада Балад сурасидан кейин нозил бўлган. У 17 оят, 72 калима ва 271 ҳарфдан иборат. Муфассал суралардан. Тартиб рақами бўйича Қуръонда 86­-сура.
    Бу сура ҳар бир инсонни турли бало­қазолардан қўриқловчи малоикалар борлиги, ҳар бир инсоннинг қилган амаллари махсус фаришталар томонидан мунтазам ёзилиб борилиши; Қиёмат кунида жамийки халойиқ қайта тирилиши ҳақ эканлиги; Қуръони Каримнинг ҳақ билан ботилни ажратгувчи Сўз эканлиги ва Аллоҳ таоло буюрган динга қарши турли ҳийлалар қилиш кўчасига кирган кимсалар бир оз муҳлатдан сўнг ўз қилмишларига яраша жазо олишлари муқаррарлиги ҳақидаги мавзулар атрофида сўз боради. Инсонни ўзига назар солишига, нимадан яратилганига эътибор қаратилади. Ўлган инсонни қайта тирилтириш осон экани зикр этилади. Қуръони карим мўмин билан кофирни ажратувчи экани таъкидланади.Суранинг номи бўлмиш «Ториқ», сўзи «Тунги йўлчи – яъни, юлдуз» маъносида келгандир.

    Ад.: Қуръони карим маъноларининг таржима ва таф­сири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Абдулазиз Мансур; Тафсири Ҳилол. Шайх Муҳаммад Содиқ М.Ю.; Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Алоуддин Мансур; Муҳаммад Амин ибн Абдуллоҳ Ҳаририй. Тафсир ҳадоиқ ар­-ровҳ ва­р­райҳон фи ровабий улум ал-­Қуръон.

    Д. Муродов

    « Back to Glossary Index