TUR SURASI

    30

    ТУР СУРАСИ (араб. – Тур тоғ номи). Маккада Сажда сурасидан кейин нозил бўлган. У 49 оят, 312 калима ва 1500 ҳарфдан иборат. Муфассал суралардан. Тартиб рақами бўйича Қуръонда 52-­сура.
    Тур тоғи Миср Араб Республикасининг Синай ярим ороли ҳудудида жойлашган бўлиб, бу тоғда Мусо (алайҳиссалом) Аллоҳ билан сўзлашганлар. Маккий суралар каби имон асослари, пайғамбарлик, қайта тирилиш, охират, азоб ва неъматлар каби масалалар баён этилган. Бахтиёр ва бадбахтларнинг оқибати, ҳақ ва ботил орасидаги кураш, Пайғамбар (алайҳиссалом) шахсияти ва рисолати борасида мушрикларнинг шубҳалари
    ва уларга қарши раддиялар ўрин олган. Сура аввалида Аллоҳ таоло беш муқаддас нарсага қасамёд қилиб, Қиёмат кунидаги кофирлар устига тушадиган азоб ҳақ эканлигини уқтиради.
    Сўнгра Аллоҳ таолодан қўрқувчи тақво эгалари учун тайёрлаб қўйилган жаннат ва унда келажак мангу саодатли ҳаёт ҳақида сўз боради. Шунингдек, бу сурада Қуръони каримга имон келтирмаган ва Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни ёлғончи қилган кимсаларнинг барча даъволари пуч ва асоссиз эканлиги рад этиб бўлмайдиган далиллар воситасида очиб берилади. Уларни жаҳаннамга ҳайдаб бориш манзараси, у ердаги азоблар зикр қилинади. Ғофил бандалар қўрқинчли оятлар билан огоҳлантирилади. Сура ниҳоясида Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни Аллоҳ таолонинг ҳукми илоҳийсига сабр қилишга буюрилиб, эртаю­кеч Аллоҳни поклаб тасбеҳ
    айтишга даъват этилади. Сура ўзининг илк ояти номи билан «Ва­т-­Тур – Тур тоғига қасам», деб аталгандир.

    Ад.: Қуръони карим маъноларининг таржима ва таф­сири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Абдулазиз Мансур; Тафсири Ҳилол. Шайх Муҳаммад Содиқ М.Ю.; Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Алоуддин Мансур; Муҳаммад Амин ибн Абдуллоҳ Ҳаририй. Тафсир ҳадоиқ ар­-ровҳ ва­р­райҳон фи ровабий улум ал-­Қуръон.

    Д. Муродов

    « Back to Glossary Index