XAMR

    31

    ХАМР (араб. – ақлни ўраб олиш, тўсиш, беркитиш, маст қиладиган нарса, май, шароб, ароқ) – уни истемол қилган кишининг ақлига таъсир қилиб, уни тўсадиган (ичиладиган, чекиладиган, ҳидланадиган) нарсага ишлатилади. Хамр сўзи Қуръони каримда 6 марта келган. Икки ўринда Юсуф (алайҳиссалом) билан боғлиқ. Жумладан:
    «Улардан бири (шоҳнинг соқийси): «Мен тушимда хамр май тайёрлаётган эмишман», – деди» (Юсуф, 36). Бошқа оятда эса: «Энди, сизларнинг бирингиз (кўрган туш)га келсак, (у озод этилиб, яна) хожасига хамр соқийлигини қилур» (Юсуф, 41) дейилган. Бу киши подшоҳнинг соқийси бўлиб, Юсуф (алайҳиссалом) билан зиндонда ўтиради.
    Тушида яна соқийлик қилганини кўради ва таъбирини Юсуф (алайҳиссалом)дан сўрайди. Хамр ҳақидаги кейинги оятлар Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) пайғамбар қилиб юборилганларидан кейинги ҳолатни акс эттирган ва унинг ҳаром қилиниши билан боғлиқ. Маст қиладиган нарса пайғамбарликнинг илк йилларида ҳаром қилинмаган. Вақт ўтгандан кейин бир неча босқичда ҳаром қилинган. Хамр сўзи биринчи оятда учрамаса­да, «маст қилувчи» (сакар) сўзи билан унга ишора қилинган. «Хурмо ва узумларнинг меваларидан эса, маст қилувчи ва гўзал ризқ олурсиз. Албатта, бунда ҳам англайдиган қавм учун аломат бордир» (Наҳл, 67) оятида «маст қилувчи» «гўзал ризқ»қа қарши қўйилган ва унинг ёмон нарса эканига ишора этилган. Баъзи одамлар буни тушуниб олганлар ва уни ичмасликни бошлаганлар.Кейинги оятда: «Сиздан май (маст қилувчи ичимлик) ва қимор ҳақида сўрамоқдалар. Айтинг: «У иккисида катта гуноҳ ва одамлар учун (айрим) фойдалар ҳам бор. Иккисининг гуноҳи фойдасидан каттароқдир»» (Бақара, 219), дейилган. Бу оятда хамрнинг озгина фойдаси бўлса ҳам, гуноҳи катта экани айтилган. Тафсирларда айтилишича, бу оят Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) ва баъзи бошқа саҳобалар хамр ақл ва бойликни кетказувчи офат эканидан Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га шикоят қилганларидан кейин ваҳий қилинган. «Эй, имон келтирганлар! Токи гапираётган гапингизни (ўзингиз) биладиган бўлгунингизгача, маст ҳолларингизда намозга яқинлашмангиз!» (Нисо, 43) ояти билан хамр истеъмол қилган кишига намозга яқинлашмаслиги айтилган. Тафсирларда бу оятнинг нозил бўлишига сабаб қилиб, қуйидаги ривоятни келтирадилар. Али (розияллоҳу анҳу) ривоят қиладилар: «Абдураҳмон ибн Авф таом тайёрлаб бизни чақирди. Хамр қуйди, у ўз таъсири ўтказди. Намоз вақтида мени имомликка ўтказдилар. Мен: «Эй кофирлар! Сиз ибодат қиладиган нарсага мен ибодат қилмайман ва биз сиз ибодат қиладиган нарсага ибодат
    қиламиз», деб ўқидим. Шунда Аллоҳ юқоридаги оятни нозил қилган». Хамр ҳақидаги охирги оятлар Моида сурасида келган ва у икки марта ишлатилган. Жумладан, унда: «Эй, имон келтирганлар! Албатта, хамр (маст қилувчи ичимликлар), қимор, бут-санамлар ва (фол очадиган) чўплар шайтоннинг ишидан иборат ифлосликдирки, ундан четланингиз! Шояд (шунда) нажот топсангиз. Шайтон хамр билан қимор (ёрдами)да ўрталарингизга адоват ва нафрат солишни ва сизларни Аллоҳнинг зикри ҳамда намоздан қайтаришни хоҳлайди. Бас, энди, сизлар (хамр ичишдан) тийилувчимисиз?» (Моида, 90–91), дейилган ва «шайтоннинг иши», «ифлослик», «ундан четланингиз», «ўрталарингизга адоват ва нафрат солади» ва «намоздан қайтаради» дейиш билан хамр ҳаром қилинган.

    Ад.: Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Абдулазиз Мансур; Тафсири Ҳилол. Шайх Муҳаммад Содиқ М.Ю.; Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Алоуддин Мансур.

    Д.Муродов

    « Back to Glossary Index