YA’QUB (alayhissalom)

    68

    ЯЪҚУБ (алайҳиссалом)  – Қуръони каримда номи келган пайғамбарлардан бири. Тўлиқ исмлари Яъқуб ибн Исҳоқ ибн Иброҳим ибн Торх (Озар) ибн Ноҳур ибн Соруғ ибн Роғу ибн Фолиғ ибн Обир ибн Шолиҳ ибн Арфахшаз ибн Сом ибн Нуҳ (алайҳиссалом)дир. Яъқуб (алайҳиссалом) Исҳоқ (алайҳиссалом)нинг ўғиллари, Иброҳим (алайҳиссалом)нинг набиралари, Исмоил (алайҳиссалом)нинг жиянлари бўлиб, ўғиллари Юсуф (алайҳиссалом) ҳам пайғамбар бўлган. Бу оиладан беш нафар пайғамбар чиққанлиги сабаб уни пайғамбарлар оиласи деб аталган. Яъқуб (алайҳиссалом)нинг оналари Рифқа бинти Батавъил ибн Ноҳур ибн Озардир. У киши икки эгизакнинг биридир. Акалари Ийс олдин туғилган. У зот унинг ортидан туғилгани учун Яъқуб­ортдан келувчи номи билан аталганлар. Яъқуб (алайҳиссалом)нинг лақаблари Исроил бўлган. У зот Қуръондаги Оли Имрон сураси 93 ва Марям сураси 58­оятларида ушбу ном билан аталганлар. Уламолар Исроил сўзининг маъноси ҳақида бир неча хил фикрлар, жумладан, Абдуллоҳ ёки Руҳуллоҳ деган фикрни айтадилар.
    Қуръони каримда Яъқуб (алайҳиссалом)нинг номлари 10 суранинг 16 оятида зикр этилган. Улар: Бақара сураси, Оли Имрон, Нисо, Анъом, Ҳуд, Юсуф сураси, Марям, Анбиё, Анкабут ҳамда Сод сураларидир. Жумладан, қуйидаги оятда Яъқуб (алайҳиссалом)нинг пайғамбар эканликлари ҳақида шундай дейилади: «Айтингиз (эй, мўминлар!): «Аллоҳга, бизга нозил қилинган нарса (Китоб)га, Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва унинг авлодларига нозил қилинган нарсаларга, Мусога, Исога ва (барча) пайғамбарларга Парвардигорларидан берилган нарсаларга имон келтирдик (ишондик). Биз улар ўртасидан бирортасини (пайғамбар эмас деб) ажратиб қўймаймиз ва биз Унга (Аллоҳга) бўйин сунувчилармиз» (Бақара, 136).
    Яъқуб (алайҳиссалом)нинг Лайё, Роҳил, Балҳа ва Залфа исмли хотинлари ва улардан Роббин, Шамъун, Лово, Яҳузо, Ясокир, Забулун, Юсуф сураси, Бинёмин, Ваддон, Нафтолий, Жод, Ашур номли ўн икки фарзандлари бўлган. Булардан Бани Исроил қавми тарқалди ва Яъқуб (алайҳиссалом)нинг мазкур сулолаларидан кўплаб пайғамбарлар чиқди. Яъқуб (алайҳиссалом) ўз оилалари, фарзандлари ва қавмларини
    ўтган аждодлари, улуғ пайғамбарлар Иброҳим, Исмоил ва Исҳоқ (алайҳиссалом)ларнинг дини бўлган ягона Аллоҳга ибодат қилишга, унинг шариатига эргашишга умрларининг охиригача буюрдилар. Бу борада Қуръони каримда Яъқуб (алайҳиссалом) ўз ўғилларига қилган васиятлари қуйидагича баён қилинади: «(Эй, Исроил авлоди!) Ёки Яъқубга ўлим келганда, ўғилларига: «Мендан кейин нимага сиғинасиз?» – деганида, улар: «Сенинг илоҳинг ва боболаринг – Иброҳим, Исмоил ва Исҳоқнинг илоҳи бўлмиш ягона Аллоҳга сиғинамиз ва бизлар фақат Унинг ўзигагина бўйин сунувчилармиз», – деб жавоб берганларида (уларга) гувоҳ бўлганмидингиз?!» (Бақара, 133).
    Яъқуб (алайҳиссалом) милоддан аввалги 1751 йилда Фаластинда дунёга келдилар ҳамда 1604 йилда Мисрда вафот этганлар. У зот 147 йил яшаб, ота­боболари ёнига Халил (Ҳибрун, Фаластин) шаҳридаги Макфийла номли ғорга дафн қилинганлар.

    Ад.: Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва тафсир муаллифи Абдулазиз Мансур; Имодуддин Абулфидо Исмоил ибн Касир. Қисас ал­анбиё (Доктор Абдулҳай Фармовий тадқиқи); Жалолиддин Суютий. Ал­Итқон. Доктор Салоҳ Холидий. Ал-­Қисас ал­-қуръоний. Ж I; Раҳматуллоҳ қори Обидов. Пайғамбарлар тарихи исломият тарихидир (Қуръони каримда пайғамбарлар сиймоси) Биринчи китоб; Шайх Муҳаммад Содиқ М.Ю. Ҳадис ва ҳаёт 20­жуз (Анбиёлар қиссаси).

    С.Сиддиқов

    « Back to Glossary Index